Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Хитой “ақл марказлари” ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланади
10:35 / 2025-04-01

Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси халқаро бўлими мудири Лю Цзяньчао бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг мазкур делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларида ўзаро муносабатлар фаоллашиб, мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида эътироф этилди. Икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг қатъий сиёсий иродаси, олий даражадаги учрашувлари туфайли Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўламли аҳамият касб этиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди, турли соҳалардаги муносабатлар янги босқичга чиқди.

Учрашувда делегация аъзоларига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Ўз навбатида, Лю Цзяньчао икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги ишончли мулоқотлари ва кенг кўламли алоқалари Ўзбекистон –Хитой муносабатларининг бутун спектрини ривожлантиришга туртки бўлаётганини таъкидлаб, икки томонлама муносабатларда эришилган муваффақиятларни эътироф этди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳада амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар улкан натижалар бераётганини юқори баҳолади.

Учрашувда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада икки томонлама муносабатлар динамикасини бойитишга қаратилган аниқ йўналиш ва таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида “ақл марказлари” ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Конструктив руҳда ўтган мулоқотда саноат ҳудудларини яратиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, рақамлаштириш соҳасида алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳам сўз юритилди.

М.Комилова, ЎзА