Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Хитой “ақл марказлари” ҳамкорлиги ривожланади
19:47 / 2022-01-05

Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг Евроосиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэй бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида “Икки томонлама ҳамкорлик ва давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш” мавзусида симпозиум бўлиб ўтди. ЎзА мухбири мазкур анжуманда иштирок этган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг икки мамлакат ҳамкорлигига оид фикрларини ёзиб олди.

Бугунги кунда Ўзбекистон - Хитой муносабати янги, стратегик босқичга кўтарилган, давлатларимиз ўртасида турли йўналишда кўплаб йирик лойиҳалар йўлга қўйилган. Хусусан, инфратизимни яхшилаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, савдо-иқтисодий алоқани кенгайтиришга доир аниқ чоралар кўриляпти. Буни анжуман чоғида Хитой ҳукумати махсус вакили ҳам алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 2016 йили ўрнатилган, эришилаётган ютуқлар асоси бўлиб хизмат қилаётган стратегик шериклик натижасида сўнгги йилларда ўзаро муносабат тубдан ўзгарди.

Бугунги кунда Хитой республикамизнинг энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан бири. Биргаликда турли соҳа, тармоқларда ўнлаб халқаро аҳамиятга молик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида, шунингдек инфратизимни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар, масалан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон автомобиль ва темир йўллари барпо этиш режаси илгари сурилган.

Фактларга мурожаат қиламиз. Икки мамлакат ташқи савдо айланмаси 2019 йил 7.2 миллиард доллар, 2020 йил - пандемия авжига чиққан даврда 6.4 миллиард долларга тенг бўлди. 2021 йил 11 ойи якунлари бўйича таҳлил қилинган маълумотга асосан, бу кўрсаткич 6.7 миллиард долларни ташкил қилди. Ўсиш суръати яққол кўриниб турибди.

Яна бир жиҳат. 2020 йил мобайнида Хитой Ўзбекистон импортининг 22 фоизини қоплаган. Мамлакатимиз экспортида эса статистиканинг 10 фоиздан ортиғи ушбу давлат ҳиссасига тўғри келади.

Бу мисоллар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал суръатда ривожланиб бораётганидан дарак беради.

Шериклик жараёнида инфратизим объектлари қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга Ангрен – Поп темир йўлини мисол қилиб келтириш мумкин. Маданият, таълим соҳаларини оладиган бўлсак, эндиликда кўплаб Ўзбекистон ёшлари Хитойнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқияпти. Бунинг учун Хитой томонидан мунтазам равишда грантлар ажратилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ва Хитой алоқалари пандемия даврида ҳам тўхтагани йўқ. Аксинча, алоқалар ривожланиб, икки дўст мамлакат ўртасида гуманитар ёрдам алмашинуви самарали йўлга қўйилди. Энг зарур пайтда аввал Ўзбекистон, кейин Хитой ҳукумати томонидан пандемия оқибатларини юмшатиш мақсадида ўзаро инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

Мазкур симпозиум мамлакатимиздаги ақл марказлари иштирокида ташкил этилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, юртимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида давлат идоралари вакиллари, сиёсатчилар таҳлилчи мутахассислар ва ОАВ билан мустаҳкам алоқа ўрнатган ҳолда улар билан бевосита ҳамкорлик қиляпти. Демак, ушбу учрашувдан кўзланган мақсадлардан яна бири ақл марказлари ва ОАВ вакилларини олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан янада яқиндан таништириш, айни масалада уларнинг огоҳлигини ошириш.

Шу маънода анжуман дастурига кўра белгиланган масалалар муҳокамаси чоғи икки томонлама алоқани мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан, Хитой тажрибасидан келиб чиққан ҳолда яна қандай ишлар амалга ошириш мумкин, деган саволга биргаликда жавоб изланди.

Умуман, бутун дунёда ақл марказларини ривожлантиришга жиддий эътибор берилаётган бир пайтда Хитойнинг шундай тузилмалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, глобал рейтингда Хитой ақл марказлари сонига кўра дунёда 2-ўриннни эгаллайди, айримлари эса кучли ўнликка киради. Демак, мазкур йўналишдаги шерикликни мустаҳқамлаш қай даражада долзарб экани аён. Энг муҳими, бундай ҳамкорлик икки дават манфаатига бирдек хизмат қилади.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади.

ЎзА