English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг фаолияти АҚШ ва Эстонияда эътироф этилди
18:10 / 2022-11-05

Ҳисоб палатасининг «Давлат аудити» дастурий комплекси халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини ўзига жалб этди.

Жорий йилнинг июнь ойида ушбу дастур ҳақида маълумот Европа олий аудит органлари (ЕВРОСАИ) ташкилотининг Ахборот технологиялари бўйича ишчи гуруҳининг махсус бюллетенида (Эстонияда) нашр қилинган эди.

(https://eurosai-it.org/news/newsletter/itwg-newsletter-1-2022/news-from-secretariat-and-intosai/uzbekistan-launching-an-e-platform-state-audit)

Куни кеча «Давлат аудити» дастурий комплекси ҳақида Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти ИНТОСАИ томонидан нашр қилинадиган Давлат аудити халқаро журналининг (International Journal of Government auditing) янги сонида ҳам мақола чоп этилди.

Давлат аудити халқаро журнали АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ҳар чоракда 1 маротаба инглиз, француз, немис, испан ва араб тилларида нашр қилинади. У ИНТОСАИ ташкилотининг расмий нашри ҳисобланади.  

(http://intosaijournal.org/the-uzbekistan-chamber-accounts-launches-a-state-audit-e-platform/)  

2022 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августдаги “Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Ҳисоб палатасининг «Давлат аудити» дастурий комплекси ишга туширилган.

Дастурий комплексдан кўзланган устувор мақсад – бюджет ташкилотларидаги текширувларни тартибга солиш, назорат тадбирларининг самарадорлигини ошириш ва назорат жараёнларида инсон омилини камайтиришдан иборат.

Жорий йилдан бошлаб барча давлат молиявий назорати тадбирлари, шу жумладан, ички аудит хизматларининг аудит тадбирлари мажбурий тартибда «Давлат аудити» дастурий комплексида рўйхатга олиниб келинмоқда.

Бунда, назорат объекти раҳбари QR-код орқали назорат тадбири асослилигини текшириш имкониятига эга бўлади. «Давлат аудити» дастурий комплексида рўйхатга олинмаган назорат тадбирларини ўтказишга йўл қўйилмайди ва бундай назорат тадбирлари ноқонуний ҳисобланади.

Жорий қилинган янги тизим орқали бюджет ташкилотларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, уларда қайта-қайта текширишлар ўтказиш ҳолатлари ҳамда фаолиятига асоссиз аралашувлар олди олинмоқда.

Дастурий комплекснинг ишга туширилиши молиявий назорат органлари фаолиятини тартибга солиш, коррупцион омилларни олдини олиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда вертикал назорат тизимини ўрнатиш имконини яратади.

Бюджет ташкилотлари ўзларида ўтказилган давлат молиявий назорати тадбирлари юзасидан ёзма фикрларини «Давлат аудити» дастурий таъминотига киритиш ҳамда назорат тадбирлари якунларига баҳо бериш имкониятига эга бўлади. Бу эса назорат тадбирлари холислигини, текширувчиларнинг масъулиятини оширади.

ЎзА