Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Ҳиндистон замонавий муносабатларига оид 11 рақам
15:08 / 2020-12-11

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтади.

Тадбир кун тартибидан Ўзбекистон - Ҳиндистон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.

Ушбу анжуман арафасида Ўзбекистон – Ҳиндистон алоқалари динамикасини таҳлил қилиб, қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:

1. Ҳиндистон – мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Ўзаро дипломатик алоқалар 1992 йил 18 мартда ўрнатилган. Шу пайтга қадар 11 маротаба олий даражадаги ташрифлар амалга оширилган.

2. Мамлакатларимиз ўртасида жами 108 та икки томонлама ҳужжат имзоланган бўлиб, шундан давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномалар 44 та, идоралараро 20 та ва бошқа турдаги ҳужжатлар 44 тани ташкил этади. Энг муҳим ҳужжатлардан бири, шубҳасиз, 2011 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот ҳисобланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида умумий ҳажми 3,2 миллиард долларлик 20 дан ортиқ шартнома ва битим имзоланди.

4. 2020 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида Ҳиндистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар ташкил қилинди.

5. 1997 йилдан бери икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида вазир ўринбосарлари даражасида доимий сиёсий маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган.

6. 2019 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 359 миллион долларни (25 фоиз ўсиш) ташкил қилди. Шундан экспорт – 28 миллион долларни (12 фоиз ўсиш), импорт эса – 330,5 миллион долларни (26,5 фоиз ўсиш) ташкил қилди. 2020 йил январь - октябрь ойларида пандемия сабабли Ўзбекистоннинг экспорти ҳажми бироз пасайган бўлса-да, бироқ ҳинд товарлари импортининг барқарор ўсиши кузатилди.

7. 2017 йилда Деҳлида ўзбек-ҳинд савдо уйи очилди.

8. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳинд капитали иштирокида 285 корхона фаолият кўрсатмоқда. (2017-2020 йилларда 2,5 баравар ўсиш).

9. 2018-2019 йилларда Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг "Амити", «Шарда» университетларининг филиаллари ташкил этилди. 2019 йил 24 июлда Тошкент шаҳрида АКТ ва дастурий маҳсулотлар технологик парки ташкил килинди.

10. 2019 йил март ойида машҳур ҳинд модельер-дизайнери Р. Бери Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги сайёҳлик бренди элчиси этиб тайинланди.

11. Ҳиндистондан мамлакатимизга келган сайёҳлар сони 2018 йилда 22 мингдан зиёдни, 2019 йилда эса 27 мингдан ортиқни ташкил этди. Афсуски, пандемия сабабли 2020 йилда ушбу рақам пасайиб кетди.

Биз пандемия тезроқ барҳам топиб, Ўзбекистон -Ҳиндистон алоқалари яна жадал ривожланишига умид билдирамиз.

Қодир Жўраев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати