Бугун пойтахтимизда ўтказилган учрашув Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатларининг тиббиёт соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш чора-тадбирларига бағишланди.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган тадбирда ушбу мамлакатдаги “Max Health Care”, “Metro Global Hospitals”, “MOIT International”, “Kishore Tamil City” ва “Service Expo Promotion Council” тиббий муассасалари, БМТТД вакиллари ҳамда маҳаллий шифокорлар иштирок этди.
Унда Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним, “Max Healthcare” тиббий муассасаси вице-президенти Сачин Гупта ва бошқалар тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш ҳамда тажриба алмашишда катта имконият яратиб беришини таъкидлади.

Айтиш жоизки, замонавий тиббиёт жаҳон миқёсида юқори суръатлар билан ривожланиб, инновацион технологиялар, илғор диагностика усуллари ва юқори малакали мутахассислар тажрибаси билан бойиб бормоқда. Халқаро амалиётда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик, врачлар алмашинуви, қўшма операциялар ўтказиш, протон терапияси ва орган трансплантацияси каби мураккаб соҳаларда тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этади. Бундай ҳамкорлик тиббий хизматлар сифатини ошириш билан бирга, инсон саломатлигини устувор қиймат сифатида белгилаган ҳолда, соҳага замонавий ёндашувларни татбиқ этишда ҳал қилувчи ўрин тутади.
Бугун ташкил этилган тадбир ҳам икки мамлакат тиббиёт соҳаси вакилларини бирлаштириш, ҳамкорлик имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Маълумки, Ҳиндистон дунё тиббиётида эришган ютуқлари, инновацион ёндашувлари ва юқори малакали мутахассислари билан етакчилик қилади.
Смита Пант хоним таъкидлаганидек, Ҳиндистоннинг соғлиқни сақлаш тизими халқаро миқёсда ўзига хос ўрни ва юқори салоҳияти билан ажралиб туради.
– Соғлиқни сақлаш тизими арзон, шаффоф ва ҳамёнбоп бўлиши зарур. Дунёда тиббий хизмат ҳануз тўлиқ қамраб олмаган ҳудудлар бор, шунинг учун соғлиқни сақлаш корпоратив бизнес эмас, балки инсонпарвар хизмат сифатида қаралиши лозим, деб ўйлайман. Яхши тизим касалликни тез, ҳамёнбоп ва инсонпарвар тарзда аниқлаб, даволай олиши лозим. Ўзбекистондаги Ҳиндистон шифохоналари вакиллари билан ўтказилган суҳбатлар шуни кўрсатадики, улар халқаро беморларга турли мамлакатларда хизмат кўрсатмоқда ва кўплаб ташаббусларни бепул амалга оширмоқда.

Ҳиндистон соғлиқни сақлаш тизими мутахассислар малакаси, хизмат сифати ва арзонлиги билан танилган. Мамлакатда 1,4 миллион шифокор, минглаб малакали ҳамширалар фаолият юритади. 1200 дан ортиқ шифохона халқаро аккредитацияга эга. Кардиология, орган трансплантацияси, онкология, Аюрведа ва йога каби йўналишлар кенг ривожланган.
Ҳиндистоннинг тиббий фалсафаси меҳр-шафқат ва инсонпарварликка таянади. Келгусида Ўзбекистон эҳтиёжларига мос тиббий кўриклар ва тезкор сафарлар мунтазам ташкил этилади. Икки мамлакатни бир-бирига халқлар ўртасидаги самимий ришталар боғлаб туради. Шифокорлар бу яқинликни хайрихоҳлик ва ҳурмат билан қадрлайди, –деди элчи хоним.
“Max Healthcare” тиббий муассасаси вакили Сачин Гупта ўз тақдимотида мазкур касалхонанинг имкониятлари ва халқаро ҳамкорлик ҳақида тўхталиб ўтди.
– Биз хорижий мамлакатлар билан 10 йилдан ортиқ, Ўзбекистон билан эса уч йилдан буён ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Бизнинг тиббий муассасамиз жигар кўчириб ўтказиш амалиёти бўйича етакчилардан ҳисобланади. Бу йил 25 нафар тиббиёт ходимларимиз Ўзбекистонга келиб, бир қатор жарроҳлик амалиётларини амалга оширди. Умуман олганда, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ҳар жиҳатдан самарали бўлмоқда. Чунки ҳинд ва ўзбек шифокорлари ўртасида тажриба алмашиш ва муолажалар ўтказиш йўлга қўйилди. Бу борада кўрсатилган кўмак учун элчихона раҳбариятига миннатдорлик билдираман, – деди Сачин Гупта.
Тадбирда таъкидланганидек, тиббиёт соҳасидаги бундай ҳамкорлик натижасида Ҳиндистон тиббий муассасаларида ўқувлар ва малака ошириш дастурлари ташкил этилмоқда.
– Жорий йил сентябрь ойида “MOIT International” касалхонасида 12 кун мобайнида билим ва тажрибамни ошириб келдим. Бугунги тадбир ҳам шундай янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш имконини берди, – деди маммолог-онколог Муаттар Маҳмудова.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида галдаги вазифаларни белгилаб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА