Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Ҳиндистон тадбиркорлигини ривожлантириш маркази қошида IT лаборатория очилди
19:03 / 2021-07-15

Юртимизда бўлиб ўтаётган халқаро конференция доирасида бир қатор тадбирлар ҳам ўтказилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қошидаги Ўзбекистон–Ҳиндистон тадбиркорлигини ривожлантириш марказида IT лаборатория очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов иштирок этди.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига кўрсатган молиявий ёрдами асосида очилган IT лабораториясида Ҳиндистондан олиб келинган энг замонавий ускуналар ушбу марказда дарсларни ўтказиш, лабораториялардаги лойиҳалар устида ишлаш, инкубация ва Ўзбекистондаги минтақавий тадбиркорлик марказлари билан виртуал алоқаларни ўрнатишда фаол қўлланилади.

Марказ Ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар учун турли хил курсларни ўтказиб келмоқда. Ҳиндистон ташқи ишлар вазири ёшларнинг малакасини ошириш, иш билан таъминлаш ва бизнесни ривожлантиришда лаборатория қўшимча ёрдам беришига катта ишонч билдирди.

Ушбу ахборот технологиялар лабораториясини очиш билан биргаликда Андижон ва Қашқадарё вилоятларида Ўзбекистон – Ҳиндистон тадбиркорлигини ривожлантириш марказининг ҳудудий филиалларини ҳам очилиш маросими ўтказилди. Маркетинг, бошқарув, халқаро савдо ва бошқа соҳага доир амалиёт турлари бўйича семинар-тренинглар бўлиб ўтади. 

Машғулотлар ҳиндистонлик ва маҳаллий экспертлар томонидан ўтказилади. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси 86 мингга яқин аҳолини, хусусан, аёллар ва ёшларни тадбиркорликка тайёрлади. Жорий йил охирига қадар бу кўрсаткични 140 мингга етказиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоиз, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг 2015 ва 2016 йиллардаги Ўзбекистонга қилган ташрифлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018-2019 йиллардаги Ҳиндистонга қилган ташрифларидан сўнг Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик янада мустаҳкамланди. 

2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган икки давлат раҳбарларининг виртуал саммитида Ҳиндистон Бош вазири Ҳиндистон ривожланиш соҳасида Ўзбекистоннинг кучли ва ишончли шеригига айланганини эътироф этган эди. Ҳиндистон –Ўзбекистон тадбиркорлигини ривожлантириш марказида очилган янги IT лабораториясининг очилиши бу йўлдаги яна бир дадил қадамдир.

– Бугунги кунда юртимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Ушбу ахборот технологиялар лабораториясини ташкил этишдан асосий мақсад бугунги кунда тадбиркорларни ўқитиш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш, яъни онлайн тизимга ўтказишдан иборат, – деди Савдо-саноат палатаси бош мутахассиси Илҳом Алиев. 

– Бунда барча ҳудудлардаги тадбиркорликка қизиққан ва ушбу соҳада билим ҳамда кўникмаларини ошириш истагидаги аҳолини, айниқса, аёллар ва ёшларни тадбиркорликка ўқитиш қамровини ошириш кўзда тутилган.

Юлдуз ЎРМОНОВА, ЎзА