Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Ҳиндистон ўртасида ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланмоқда
14:28 / 2026-01-27

Бу ҳақда Тошкентда 26 январь –"Ҳиндистонда Республика куни" муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда алоҳида таъкидланди.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси тонидан ташкил этилган ушбу тадбирда нуфузли маҳаллий ва хорижий меҳмонлар, дипломатик корпус вакиллари, элчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов фахрий меҳмон сифатида қатнашди.  

Тадбирнинг расмий очилиши Ҳиндистон ва Ўзбекистон давлатлари мадҳиялари ижроси билан бошланди. Шундан сўнг жаноб Шри С.Л. Маллик томонидан Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хонимнинг қутлов нутқи ўқиб эшиттирилди. Унда ўтган йил давомида ҳинд-ўзбек муносабатларида эришилган асосий ютуқлар, шунингдек, Ҳиндистоннинг турли соҳалардаги муваффақиятлари қайд этилди.

[gallery-27315]

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги вақтинча ишлар бўйича вакили Шри С.Л. Малликнинг сўзларига кўра,  бу йил Ҳиндистон Республика кунининг 77 йиллиги кенг нишонланди. Бу сана давлат Конституцияси қабул қилинган кун ҳисобланади.  

– Мамлакатимиз 1947 йил 15 августда Буюк Британия мустамлакасидан озод бўлган. Кейинчалик 1950 йил 26 январда эса ўзининг Конституциясини қабул қилган ва Ҳиндистон расман республикага айланган. Ўшандан буён бу кун мамлакатда ва хорижда яшаётган ҳиндлар томонидан кенг байрам қилинади. Шу фурсатдан фойдаланиб, мен Ҳиндистон ва Ўзбекистон муносабатларининг ривожланиши, айниқса, охирги йилдаги яқин ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Ҳурматли Премьер-министр Нарендра Моди ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг дўстона мулоқотлари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига кенг йўл очмоқда. Ушбу ташаббуслар Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва дипломатик алоқаларнинг мустаҳкамлигини яққол кўрсатади ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади, –деди у.

Ҳинд санъати мухлиси Улуғбек Ҳамроев ҳам ҳинд дўстларини мазкур байрам билан қутлаш учун тадбирда иштирок этганини таъкидлади.

– Ҳинд дўстларимизни "Ҳиндистонда Республика куни" билан табриклайман. Икки давлат дўстлиги ва маданий ҳамкорлиги абадий бўлсин. Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари орасидаги дўстлик алоқалари ҳар доим ривожланиб, янада мустаҳкамлансин, – деди У.Ҳамроев.

Тадбир доирасида маданий дастур намойиш этилди. Унда ўзбек ва ҳинд куй-қўшиқлар ижроси иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Насиба Зиёдуллаева,

Ойбек Пардаев (сурат),

ЎзА