Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларининг ҳозирги босқичи
10:19 / 2021-04-29

Ҳиндистон билан узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Сўнгги тўрт йил ичида ўзбек-ҳинд ҳамкорлиги янги, юқори босқичга кўтарилди. Томонларнинг муносабатлари анъанавий дўстлик ва мустаҳкам тарихий асосга қурилган. Жонли икки томонлама ҳамкорлик деярли барча соҳаларда ривожланиб бормоқда.

Aввало, доимий ва узлуксиз сиёсий мулоқот ва расмий алоқалар амалга оширилмоқда. 2011 йилда томонлар стратегик шериклик муносабатларини ўрнатдилар. 2015 йил июль ойида Ҳиндистон Бош вазири Н.Модининг Ўзбекистонга расмий ташрифи Деҳлининг Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларини ривожлантиришга содиқлигини таъкидлади. Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойидаги Ҳиндистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди, натижада ҳамкорлик тўғрисидаги 20 та ҳужжат имзоланди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил январь ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтган «Ривожланаётган Гужарат» сармоявий саммитида қатнашиш учун қилган ташрифи Тошкентнинг ҳамкорликни фаоллаштириш истагини тасдиқлади. 2020 йил декабрь ойида виртуал саммит бўлиб ўтиб, «Яқин дўстлик ва мустаҳкам шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот» ва ҳамкорлик тўғрисидаги 9 та ҳужжат қабул қилинди.

Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги доимий мулоқот ҳукуматлар, парламентлар ва идоралар даражасидаги фаол алоқалар билан тўлдириб борилмоқда. 2020 йилда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 12-йиғилиши ва ТИВлариаро сиёсий маслаҳатлашувларнинг 14-раунди муваффақиятли ўтказилди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида Ҳиндистон Парламенти палаталари билан ҳамкорлик қилиш бўйича парламентлараро гуруҳлар тузилди.

Сўнгги тўрт йил ичида Ҳиндистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг сезиларли даражада фаоллашгани кўзга ташланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳинд капитали иштирокидаги 280 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, қиймати 650 миллион доллардан ошиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2017 йилда Деҳлида Ўзбек-ҳинд савдо уйининг очилиши, 2018 йилда Тошкентда Ўзбек-ҳинд тадбиркорликни ривожлантириш марказининг яратилиши, Ҳиндистон саноат конфедерацияси билан биргаликда Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашининг таъсис этилиши - буларнинг барчаси икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида узлуксиз савдо ва инвестиция алмашинувини таъминлашга қаратилган. 2019 йилда тузилган Икки томонлама лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва амалий жиҳатдан бажаришни рағбатлантириш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўмитаси фаолияти ҳамкорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган.

Ўтган йили Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида қиймати 3 миллиард долларлик 50 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги келишувларга эришилди. Ҳиндистон ҳукумати 448 миллион доллар миқдорида кредит ажратиб, ушбу маблағлар Ўзбекистондаги турли ривожланиш лойиҳалари, яъни йўл қурилиши, чиқинди сувларни тозалаш ва ахборот технологиялари учун тақдим этилади.

Шу билан бирга, товар айирбошлашнинг паст даражаси (2020 йилда 442,6 миллион доллар) туфайли ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва ўзбек маҳсулотлари экспортини кўпайтириш ҳамда Ҳиндистоннинг тўғридан-тўғри сармояларини жалб қилиш ишлари давом этмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ҳинд компаниялари учун қулай шарт-шароитларни яратмоқда ва улар томонидан кимёвий маҳсулотлар, дори-дармон ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чармга ишлов бериш соҳалари, ахборот технологиялари ва телекоммуникацияларга киритиладиган сармояларини мамнуният билан қабул қилмоқда. Ҳиндистон компаниялари билан Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналарида, шу жумладан 7 та фармакологик ЭИЗларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳиндистон билан ҳамкорликни илгари суришда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамжиҳатликни ривожлантириш катта аҳамиятга эга. Икки мамлакатнинг, шунингдек Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг транспорт ва бошқа инфратузилма алоқаларини тубдан яхшилаш ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмининг сезиларли ўсишини таъминлаш учун зарурдир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистоннинг Aшхабод келишувига («Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон - Уммон» транспорт коридори бўйича) қўшилишини қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари Деҳлининг Ҳиндистоннинг Aфғонистон ва Марказий Осиё давлатлари билан савдоси учун муҳим транзит марказига айланиши кўзда тутилган Эроннинг Чобаҳар бандаргоҳини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини ҳам қўллаб-қувватламоқда. 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Эрон уч томонлама ишчи гуруҳининг Чобаҳар бандаргоҳидан биргаликда фойдаланиш бўйича биринчи йиғилишини ўтказди.



Фуқаро авиацияси ва ҳаво юкларини ташиш соҳасида ўзаро алоқаларнинг муҳим салоҳияти мавжуд. Ҳиндистон томони мева-сабзавот, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигининг бошқа маҳсулотларини ташиш учун Марказий Осиё мамлакатларига ҳаво йўлакларини очишни таклиф қилмоқда. Ўзбекистонлик мутахассисларнинг фикрига кўра, Ҳиндистонга чартер юк рейслари Тошкент, Навоий ва Ўзбекистоннинг бошқа авиация марказларидан амалга оширилиши мумкин.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Транспорт ва коммуникацияларнинг ўзаро алоқасини ривожлантириш бўйича минтақавий марказни яратиш ташаббуси икки мамлакат манфаатлари учун ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ҳамкорликнинг транспорт таъминоти масалалари бўйича хизмат қилиши мумкин .

Ҳамкорликнинг муҳим истиқболлари Ҳиндистон томони катта салоҳият ва афзалликларга эга бўлган ахборот технологиялари, рақамли иқтисодиёт, таълим ва маданият соҳалари билан боғлиқдир.

2019 йилда Тошкентда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки ишга туширилди. 2018 йилда Ҳиндистон Aмити университетининг Тошкентдаги ва Шарда университетининг Aндижондаги филиаллари очилди. Ўзбекистон Фанлар академияси институтлари Деҳли, Мумбай ва Пунадаги илмий марказлар билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Ҳиндистонлик шериклар билан ўзаро ҳамкорлик «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга оширишга, аэрокосмик технологияларни жорий этишга, атом энергетикасини ривожлантиришга ва банк тизимини такомиллаштиришга, шунингдек соғлиқни сақлашни модернизация қилишга ва аҳоли учун тиббий хизмат сифатини оширишга ёрдам бериши мумкин.

Икки мамлакат шаҳарлари ва вилоятлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни, маданий ва сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш нафақат Ўзбекистон ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, балки ўзаро муносабатларнинг гуманитар асосларини мустаҳкамлашга ҳам кўмаклашиши мумкин.

Тошкент ва Деҳли ўртасидаги фаол минтақавий ва халқаро ҳамжиҳатлик сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорликнинг муҳим қисмига айланмоқда. 2019 йил январь ойида Самарқандда икки мамлакат раҳбарлари томонидан илгари сурилган Aфғонистон иштирокида ташқи ишлар вазирлари даражасидаги «Ҳиндистон-Марказий Осиё» мулоқоти катта воқеа бўлди. 2020 йил февраль ойида Деҳлида ушбу мулоқот доирасида Ҳиндистон-Марказий Осиё Ишбилармонлик кенгаши ташкил этилиб, у ўзаро ҳамкорликнинг амалий йўналишини таъкидлади. 2020 йил октябрь ойида «Ҳиндистон-МО» мулоқотининг 2- учрашуви ва Ишбилармонлик кенгашининг 2-йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон томони Ҳиндистон ва Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига киришини фаол қўллаб-қувватлади, унинг доирасидаги ўзаро ҳамкорлик эса икки томонлама сиёсий мулоқотнинг муҳим қисмига айланиб бормоқда. Ўзбекистоннинг 2021-2022 йилларда бўладиган ШҲТга раислиги икки давлат ўртасидаги расмий алмашинув ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ҳисса қўшиши мумкин.

Томонларнинг Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлигини ривожлантиришда иштирок этиши икки мамлакат минтақавий ҳамжиҳатлигининг асоси ва икки томонлама ва минтақалараро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг калити бўлиши мумкин. 2021 йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ҳамкорликни чуқурлаштириш учун яхши имкониятлар яратади.

Умуман олганда, иқтисодий жиҳатдан тез суръатлар билан ўсиб бораётган Ҳиндистон савдо, инвестиция, юқори технологиялар ва туризм соҳаларида Ўзбекистоннинг муҳим ва барқарор шеригига айланишга чорланмоқда. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил чуқурлаштириш ҳар икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради ва Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг тарихий ўзаро боғлиқлигини тиклашга катта ҳисса қўшиши мумкин.

Н. Магдиева,

Халқаро муносабатлар бўйича

ахборот-таҳлил маркази

илмий ходими