Кейинги пайтда мамлакатимизда тоғ-кон саноати ва геология соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, уларни қайта ишлаш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга ошириляпти.
Бу жараёнда соҳадаги ҳамкор мамлакатлар билан тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Ҳиндистон Атом энергия департаменти вакиллари билан ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Унда мезбон томонидан вазирлик фаолияти, унинг стратегик мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида амалга оширилаётган ҳамкорликнинг истиқболлари, хусусан, энергетика хомашёси соҳасидаги қўшма ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.
Ўз навбатида, ҳиндистонлик ҳамкорлар мамлакатларимиз ўртасида узоқ йиллардан буён йўлга қўйилган ҳамкорликни юқори баҳолаб, уни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлади. Шунингдек, делегация вакиллари ҳамкорлик кўламини кенгайтириш натижасида қимматбаҳо, рангли ва саноат учун муҳим минераллар йўналишларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА