Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳиндистонлик миллиардер саноатчи, ичимликлар ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида фаолият юритувчи RJ Corp конгломератининг асосчиси ва раиси Рави Жаипурия бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Ботир Зарипов меҳмонларни Бухорога ташрифи билан қутлади. Мулоқот жараёнида ҳиндистонлик ишбилармонларга Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган шароитлар, хорижий инвесторлар учун мавжуд кенг имконият ва қулайликлар, берилаётган имтиёзлар ҳамда барча соҳалардаги истиқболли ва ўзаро манфаатли лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шундан келиб чиқиб, икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги масалалар, жумладан, инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик, Бухорода қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, бунда Ҳиндистондан инвестицияларни жалб қилиш ва муносабатларнинг янги йўналишлари батафсил кўриб чиқилди.
Рави Жаипурия мамлакатимизнинг тарихи, маданияти ва урф-одатлари ҳақида кўп ўқиганини айтиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон тарихий ва маданият жиҳатдан узвий боғлиқлигини таъкидлади.

Ҳиндистонлик тадбиркор кўплаб соҳалар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо ва ишлаб чиқариш, туризм, айниқса, меҳмонхона хўжалиги ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларга катта қизиқиш билдирди.
Шунингдек, у Ўзбекистон ва Ҳиндистонни савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда яқин ҳамкорлар экани ва дўстона алоқалар янада ривожланиб бораётганини эътироф этди.
Худди шу тартибда ҳамкорликни чуқурлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Инвестициявий шериклик фонида бугунги кунда ҳудудларнинг иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш учун кенг имкониятлар ва ишга солинмаган катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Шу кунларда Бухоро шаҳрининг Ғиждувон кўчасида “FE Metric Ventures LLC” компанияси томонидан беш юлдузли меҳмонхона қуриш ишлари давом этмоқда. Мулоқотда мазкур лойиҳанинг истиқболи ҳақида ҳам сўз борди.

-Биз Бухорода хорижий сармоя ва барқарор ривожланишни рағбатлантиришдаги доимий ҳамкорлигингиз, бебаҳо ёрдамингиз учун самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Ҳамкорликдаги лойиҳамиз Бухоронинг маданият, савдо ва туризмнинг жозибадор маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашига ишонамиз. Қолаверса, биз лойиҳа бўйича ишларни янада ривожлантириш ва минтақадаги инвестиция ташаббусларимизни янада кенгайтириш тарафдоримиз, - деди “FE Metric Ventures LLC” компанияси раиси Мурари Лал Жалан.
Вилоят раҳбари ҳиндистонлик инвесторларнинг мазкур лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишни тезлаштириш ҳудуднинг сайёҳлимк салоҳиятини янада ошириши таъкидлади. Самимий ва ишчан руҳда кечган мулоқот якунида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА