Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Ҳиндистон: фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик ўрнатилади
11:41 / 2024-10-18

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров бошчилигидаги делегациямиз вакиллари хизмат сафари доирасида Ҳиндистон Фармакопея Комиссияси (IPC)га ташриф буюрди.

Бундан кўзланган мақсад фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги ва уларнинг сифатини таъминлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, давлат фармакопеяларини уйғунлаштириш масалаларини муҳокама қилишдир, дейилади Марказ матбуот хизмати хабарида.

Ҳиндистон Фармакопея Комиссияси (Indian Pharmacopoeia Commission, IPC) Ҳиндистоннинг фармацевтика маҳсулотлари учун сифат стандартларини ишлаб чиқувчи асосий орган ҳисобланади. У 1945 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий вазифаси Ҳиндистон Фармакопеясини даврий янгилаб бориш, дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар учун миллий стандартларни ишлаб чиқиш ва уларнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилишдан иборат.

Учрашувда Фармакопея Комиссияси раҳбари ўринбосари доктор Гаурав Пратап Сингх ва марказ директори Алишер Темиров, монографиялар ва стандарт намуналарни ишлаб чиқишда ҳамкорлик истиқболлари, дори воситаларининг сифатини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича стандартларни халқаро талабларга мос равишда янгилаш, шунингдек, уларни икки давлат фармакопеялари билан уйғунлаштириш имкониятларини муҳокама қилди.

Шу билан бирга, "IPC"нинг Ҳиндистонда фармаконазорат бўйича ваколатли орган сифатидаги фаолияти ўрганилди. Ташкилот дори воситалари хавфсизлигини назорат қилиш, ножўя таъсирларни мониторинг қилиш ва ушбу соҳадаги халқаро стандартларга мувофиқ фаолият юритишда муҳим роль ўйнайди.

Томонлар келгусида малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, сифат назоратини кучайтириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш масаласида келишувга эришди.

М.Қосимова, ЎзА