Сўнгги йилларда мамлакатимизда авиация соҳасини ривожлантириш, янги йўналишларни очиш ва хизмат сифатини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ҳаво транспортидан фойдаланувчи йўловчилар сонининг изчил ўсиши бу соҳада амалга оширилаётган ишлар қанчалик муҳим эканини яна бир бор тасдиқламоқда.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, ўтган 2025 йил давомида Ўзбекистонда ҳаво транспорти орқали қарийб 9,7 миллион нафар йўловчи ташилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда деярли 3,7 миллион нафарга кўпдир.
Тақдим этилган маълумотларга асосланганда, ушбу даврда ҳаво транспортида бир кунда ўртача 26,4 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилган. Бу эса авиация хизматларига бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатади.
Мутахассислар бу ўсишни янги халқаро ва ички рейсларнинг йўлга қўйилиши, авиачипталар нархининг нисбатан мақбуллашиши, шунингдек, аэропорт инфратузилмасининг модернизация қилиниши билан изоҳламоқда.
Йўловчилар оқимининг ошиши нафақат транспорт соҳаси, балки туризм, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Келгусида авиация соҳасидаги ислоҳотлар янада кенгайиб, мамлакатнинг халқаро ҳаво қатновидаги мавқеи мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА