Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимизнинг муносиб давомчиларини айнан бугунги ҳарбий разведкачиларимиз тимсолида кўришимиз мумкин.
Шу кунгача ҳарбий разведкачиларимиз халқаро ҳарбий мусобақаларда ўзларининг куч-қудрати, маҳорати билан фахрли ўринларни қўлдан бермай келмоқда.
Жумладан, улар Буюк Британияда ўтказилган “Кембриж патрули” мусобақасида 120 та давлат ичида 2018 йилда иккинчи ва 2019 йилда биринчи, Қозоғистон Республикасида ҳарбий разведкачилар ўртасида ўтказилган “Алтын уки” халқаро мусобақасида мезбон жамоадан кейинги фахрли иккинчи, 2020 йилда эса Россия Федерациясида ўтказилган Халқаро армия ўйинларида мезбон жамоадан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб, ўзининг ҳар томонлама устунлигини кўрсатиб келишган.
2021 йил 24 февраль – 3 март кунлари Покистон Ислом Республикасида “4-Покистон армиясининг жамоавий руҳи” халқаро мусобақаси (4-th International PATS Competition) ўтказилди. Мусобақага Шри-Ланка, Туркия, Иордания ва халқаро майдонда кучли саналган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкачилари таклиф этилди. Мусобақани Қозоғистон, Ҳиндистон, Марокаш, Индонезия, Тожикистон давлатлари вакиллари кузатиб боришди.
Ўзбек ҳарбий разведкачилари Покистоннинг иссиқ ва қийин шароитларида ўз куч-қудратини намоён этиш мақсадид, ўтган йиллар мобайнида ўтказилган армия ўйинлари натижалари, улардаги ютуқ ва камчиликлардан олинган юқори тажрибаларига таяниб, алоқа тайёргарлиги, ҳарбий топография, отиш ва тиббий тайёргарлик, махсус сигналлар бериш ва оптик воситаларни қўллаш, нотаниш ҳудудларни рекогносцировка қилиш бўйича назорат машғулотларини бажаришга киришди.
Ҳаттоки, хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган разведкачи бўлинмалар ҳам ўзбек разведкачиларининг хатти-ҳаракатларини синчковлик билан кузатиб, керак бўлса улардан маслаҳатлар олди.
Аввало, юрт ишончи, мусобақанинг ҳар бир босқичида кетма-кет эришилаётган муваффақиятлар кундан-кунга разведкачиларимизга янада куч-қувват ва ғайрат-шижоат бағишлаб, Ватанимиз байроғини Покистон ўлкасида баланд кўтаришга ундади.
Мана, ўша кун ҳам келди. Кеча-ю кундуз устозу-раҳбарлари билан қилган машаққатли меҳнатларининг ҳосили ўз мевасини берди. Ўзбекистон ҳарбий разведкачилари шоҳсупанинг биринчи ўринда! Туркия разведкачилари иккинчи, Шри-Ланка вакиллари учинчи ўринни эгаллади.
Ўзбек ҳарбий разведкачилари ўзларига билдирилган ишончини тўлиқ оқладилар. Ғалаба муборак, ўзбек ўғлонлари!
Майор Кенжабой МУСАНОВ.