Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Буюк Британия Қироллик аграр университети вакиллари иштирокида мамлакатимизда янги ташкил этилаётган Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ўқув дастурлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Буюк Британиянинг энг қадимий қишлоқ хўжалиги университети – Уэлс шаҳзодаси қироллиги ҳомийлигидаги
Буюк Британия Қироллик аграр университетига ташриф буюрди.
Делегацияга Тошкент давлат аграр университети ректор маслаҳатчиси, профессор Мунира Аминова бошчилик қилди.
Делегация вакиллари Буюк Британия Қироллик аграр университети раҳбарияти билан музокаралар олиб борди.
Профессор Нил Равенскрофтнинг таъкидлашича, Буюк Британия Қироллик аграр университетининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан мазкур учрашуви тажриба алмашиш ва ҳамкорлик муносабатларини давом эттирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жамоаси университет талабалари, ўқитувчилар ва бошқа ходимлари билан учрашди. Делегация вакиллари талабалар шаҳарчаси ва университет хўжалигининг FARM-491 агротехнологик инкубаторида бўлиб, инфратузилма билан танишишди.
Қироллик қишлоқ хўжалиги университети Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқ хўжалигини рақобатбардош тармоққа айлантириш йўлида олиб бораётган ҳаракатларини эътироф этди.
Маълумот ўрнида, 2021 йил ёзида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Буюк Британия Қироллик аграр университети ва Литва "Vytauto Didziojo universitetas" ўртасида уч томонлама ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, унинг асосида ўзаро музокаралар олиб боришлари белгиланган.
Шунингдек, меморандумда университетлар ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда фермерлар малакасини ошириш, қўшма илмий тадқиқотларни ўтказиш, халқаро конференциялар ва бошқа кўплаб масалалар кўзда тутилган.
З.Мирзабоева, ЎзА