Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Халқаро иқтисодиёт олимпиадасида олтин медални қўлга киритди
14:35 / 2025-08-26

Жорий йил 21-23 август кунлари Грециянинг Қадимий Олимпия шаҳрида ўтказилган Халқаро иқтисодиёт олимпиадасида вакилларимиз илк бор олтин медалга сазовор бўлди.

EFI – “Economic Fundamentals initiative” (Иқтисодий асослар ташаббуси) ва “Freedom Broker Uzbekistan” ташаббуси билан уюштирилган мазкур мусобақада Ўзбекистон жамоаси фахрий 1-ўринни эгаллади.

Навоий шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Маъруфбек Холмўминов олтин медаль олиб, 127 иштирокчи орасида умумий 2-ўрин соҳиби бўлди. Қарши Президент мактаби ўқувчиси Ҳумоюн Иброҳимов, Тошкент шаҳри 235-мактаб ўқувчиси Ҳазратбек Аҳмаджонов, Термиз Президент мактаби ўқувчиси Ҳилола Бўймуратова кумуш медалга лойиқ кўрилди. Қарши шаҳридаги Президент мактабининг яна бир вакили Маржона Иброҳимова ҳам иштироки учун рағбатлантирилди.

Ушбу ютуқлар замирида жуда кўп фидойи устозлар, хусусан жамоа сардори, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети катта ўқитувчиси доктор Темур Маҳкамовнинг муносиб ҳиссаси бор, албатта. Ушбу мутахассис ўғил-қизларни саралаш, машғулот ташкил этиш, ёшларимизни руҳлантириб, халқаро даражада тайёрлаш борасида жонбозлик кўрсатди. Шу тариқа мукаммал билим, кучли машқ орқали жамоамиз тарихий натижага эришди.

– Ҳудудлардаги барча мактабларда иқтисодиёт фанига эътибор, Олимпиадага тайёргарлик кучайса, натижаларимиз янада юксалади, – дейди Т.Маҳкамов. – Юртимизда зукко, ўз олдига юксак мақсадлар қўйган болалар жуда кўп. Уларни тўғри йўналтириб, қўллаб-қувватласак, юртимиздан халқаро миқёсдаги олимлар етишиб чиқиши шубҳасиз. Биз эса, ўз навбатида, зарур ўқув қўлланмаларини тақдим этишга тайёрмиз.

Дарвоқе, ушбу олимпиадада ҳамюртларимиз ўтган йил 1 кумуш ва 1 бронза медал билан чекланган эди, бу йил эса 1 олтин ва 3 кумуш – ўсиш яққол кўзга ташланган.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА