Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Грузия Республикасида амалий ташриф билан бўлиб қайтди.
Грузияга ташрифнинг дастлабки кунида иккала мамлакат божхона хизмати раҳбарларининг учрашуви бўлди.
Божхона статистикасига кўра, мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдо айланмаси мунтазам равишда кенгайиб, 2022 йилнинг 8 ойи давомида 127,4 млн. долларни ташкил қилган.
Сўнгги бор иккала мамлакат божхона хизмати ўртасида бундан 21 йил муқаддам ўзаро ҳужжат имзолангани инобатга олинса, ҳамкорликни «уйқу» режимидан фаол босқичга ўтказишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Грузиядан асосан фармацевтика маҳсулотлари ва минерал ичимлик сувлари импорт қилинаётган бўлса, мамлакатимиздан ушбу давлатга рангли металлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўпроқ экспорт қилинмоқда.
Ваҳоланки, мавжуд салоҳият инобатга олинса, ишга солинмаган имкониятлар ҳали жуда кўп. Грузия Молия вазирлигининг Даромадлар хизмати раҳбари Леван Какава Ўзбекистонда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Давлат божхона қўмитаси раиси Леван Какава Грузия божхона назорати тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштиришда туб ўзгаришлар қила олгани билан алоҳида аҳамиятга эга мамлакат ҳисобланишини таъкидлади. Шу жиҳатдан мазкур давлат қўлга киритган тажриба ва ютуқларни ўрганиш, ўзлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Жумладан, мамлакатда божхона божи ставкалари оптималлаштирилган, божхона расмийлаштируви учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сони 54 тадан 2 тага туширилган, чегара ўтказиш пунктларида аввалгидек 8 та эмас, атиги 2 та давлат идораси фаолият кўрсатади. Коррупцияга элтувчи барча омиллар бартараф этилган.
Учрашувда томонлар божхона тизимларидаги янгиланишлар бўйича кўргазмали тақдимотлар қилишди.
Давлат чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари ҳақида дастлабки маълумотлар алмашинувини ташкил этиш тўғрисидаги мазкур баён божхона расмийлаштируви вақтини қисқартириш, жараёнларни соддалаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, божхона соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси учун Леван Какава «Ўзбекистон божхона хизматига 30 йил» эсдалик нишони билан тақдирланди.
Делегация Грузия-Арманистон чегарасидаги «Садохло» чегара божхона постида бўлди. 2018 йилда ҳозирги замонавий кўринишга келтирилган мазкур постда божхона ходимлари 4 та сменада хизмат олиб боришади. Постда фақатгина божхона ва патруль полицияси фаолият кўрсатади.
Ветеринария, фитосанитария, экология, санитария эпидемиология, суғурталаш, транспорт идораларининг функциялари эса тўғридан-тўғри божхона идораларига юклатилган.
Хизмат кўрсатиш қулай ва соддалаштирилган тартибда йўлга қўйилганки, пост орқали ҳаракатланаётган ҳайдовчининг машина салонидан тушишига ҳожат қолмайди.
Ҳайдовчи транспортни тарк этмаган ҳолда ҳужжатларни ходимга ойна орқали тақдим этади ва расмийлаштирилган ҳужжатлар 5 дақиқа оралиғида ҳайдовчига қайтарилади. Мазкур пост орқали бир кунда ўртача 700-750 та юк ҳамда 2500-3000 та енгил автоуловлар ҳаракатланади.
Делегация иштирокчилари жараёнларни синчиклаб кўздан кечирди, пост ходимлари ва ҳайдовчилар билан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Тадбир якунида эса Божхона соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик Меморандуми ҳамда Ахборотларни олдиндан алмашиш бўйича баённома имзоланди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА