Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Грузия: инновацион тадбиркорлик cоҳасида ўзаро ҳамкорлик (+видео)
17:32 / 2024-02-21

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ва “Грузия банки” АЖ (Грузия) ҳамкорлигида Ўзбекистон ва Грузия ишбилармонлари ўртасида B2B форматида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг бизнес инкубатор ва стартап маркази раҳбари Ғафуржон Усмонов, USAIDнинг Грузиядаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Георгий Ахалая, Грузия банки лойиҳа раҳбари Олико Накашидзе хоним, “ESKZ GLOBAL” компанияси бош директори Адольфо Ромеро де Марсело ва бошқалар Ўзбекистон ва Грузия давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мамлакатимизда инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, инновацион иқтисодиётни шакллантиришда ахборот-коммуникация технологиялари, инновацияларга асосланган соҳаларни янада қўллаб-қувватлашда муҳим қадам эканини таъкидлади. 

Учрашув инновацион тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, икки давлат бизнес доиралари ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий давлатларда истиқболли инновацион лойиҳаларни биргаликда йўлга қўйиш, инновацион бизнес экотизимини ривожлантириш, банк-молия соҳасига рақамлаштириш ҳамда инновацион ечимларни жадал жорий этиш масалаларида қизғин мулоқот майдонини яратиб берди. 

Қайд этилишича, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қабул қилиниши ва уларда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш бу каби соҳалар ривожига қўйилган муҳим ҳуқуқий асослардир. 

[gallery-16073]

– Ўзбекистон ва Грузия ишбилармон доира вакилларининг B2B форматига Грузия делегациясининг инновацион иқтисодиётга қаратилган компаниялари бизнес намояндаларини таклиф этдик. Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон айнан инновацион иқтисодиётни барпо этишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ўз навбатида, жуда кўп давлатлар ҳам инновацион иқтисодиётни барпо этишда сервис, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, юқори қўшилган қиймат яратувчи йўналишлар, товарлар ва хизматларга кўпроқ эътибор бермоқда. Шу маънода Грузия ҳам айнан сервис соҳалари, ахборот-коммуникация, молия ва таълим технологияларни жорий этиш бўйича ўз ўрнига эга давлат. Шунингдек, ушбу мамлакат компьютер технологиялари ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда турли дастурий таъминотлар, мобиль иловалар яратишда яхши тажрибага эга. Айнан Ўзбекистонда ҳам бу масалалар долзарблигини инобатга олиб, мазкур учрашувни ўтказдик. Қолаверса, бугунги учрашув икки ишбилармон доира вакилларининг бир-бирига бўлган қизиқиши катта эканини яққол кўрсатди, –деди Ғ.Усмонов. 

Шунингдек, учрашувда Грузия делегацияси вакилларининг бизнес фаолиятлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди. 

Таъкидлаш керакки, ушбу учрашув Грузиянинг “LOIALTE LLC” аудиторлик-консалтинг компанияси вакиллари учун навбатдаги ҳамкорлик майдони бўлди. Ҳозирда  ушбу компания фирмаси мамлакатимизда фаолият бошлади.

– 2010 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “LOIALTE LLC” аудиторлик консалтинг компанияси 20 йилдан ортиқ тажрибага эга. Компаниямиз ИСО сертификатига эга бўлган биринчи Грузия консалтинг компанияси ва биз энг юқори стандартларга мувофиқ ишлаймиз. Соҳада эришган ютуқларимиз ва ислоҳотларимизни Ўзбекистонда татбиқ этмоқчимиз. Тадбиркорлик ва давлат ташкилотлари вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказдик. Ўзбекистонлик компаниялар ва талабалар  тренингдан ўтишлари ва тажрибамизни ўрганишлари учун март ойида Грузия ҳафталигини ташкил этиш устида ишлаяпмиз. Ҳафталик доирасида тажрибали тренерлар раҳбарлигида  бухгалтерия ҳисоби, банк иши, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш, электрон тижорат, тўлов тизимлари ва шунга ўхшаш мавзулар бўйича 120 дан ортиқ тренинг ташкил этилади.  Фаолиятимизни Қозоғистон ва Тожикистон давлатларида ҳам йўлга қўйиш ниятидамиз. Келажакда IT-парк ёрдамида МДҲ давлатлари учун минтақавий марказ ташкил қиламиз, – деди ушбу компания вакили  Бачана Шелиа.

<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/IvMyotzIFgI" title="O‘zbekiston-Gruziya: innovatsion tadbirkorlik cohasida o‘zaro hamkorlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

“B2B” форматидаги учрашувлар орқали икки томон бизнес вакиллари ўртасида қизғин мулоқот давом этди. Ўзбекистон ва Грузия бизнес доиралари томонидан дастурий таъминот, молиявий технологияларни қўллаш, саноат тармоқларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасидаги ҳамкорлик таклифлари ўзаро муҳокама этилди. 

Учрашув якунида икки давлат тадбиркорлари келгусида инновацион иқтисодиётнинг устувор йўналишлари бўлган ахборот технологиялари, дастурлаш, молиявий технологиялар, сунъий интеллект, электрон база яратиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири