Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон глобал траспорт занжирида ўз ўрнини қандай мустаҳкамлаяпти?
19:17 / 2025-11-14

Транспорт соҳаси мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон бу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар ва стратегик лойиҳаларни амалга ошириб, замонавий логистика тизимлари, аэропорт инфратузилмаси ва минтақавий ҳамкорлик механизмларини ривожлантирмоқда.

Бугунги куннинг асосий вазифаси транспорт тизимини интеграциялаштириш, халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш ва аҳоли ҳамда бизнес учун самарали, барқарор ва боғланган хизматларни ташкил қилишдан иборат.

Қайд этиш керакки, “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида республикада транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва йўловчи ҳамда юк ташиш хизматларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Стратегия доирасида мамлакат орқали ўтадиган транзит юклар айланмаси 16 миллион тоннагача етказилиши белгиланган бўлиб, темир йўл йўналишларида юкларни етказиб бериш вақти қарийб 40 фоизга қисқариши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, йўловчи ва юк ташиш хизматлари ҳажми уч баробар оширилиши назарда тутилган. Темир йўл тармоқларини электрлаштириш даражаси 65 фоизга кўтарилиши, ҳаво қатновлари эса тўрт баробарга кўпайиши мақсад қилинган. Авиа соҳасида самарасиз ишлаб турган аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида янгилаш, йирик ҳаво дарвозаларини шу механизм орқали ривожлантириш ва хусусий авиакомпаниялар сонини 10 тагача ошириш вазифаси қўйилган. Шунингдек, барча аэропортларда “Очиқ осмон” тартибининг жорий этилиши ҳамда мамлакат авиапаркини 100 та етказиш кўзда тутилган. 

[gallery-26173]

Жорий йилнинг 11-13 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган ХТФ (ITF) Осиё мамлакатлари учун IV юқори даражадаги мулоқоти, “Uzbekistan airports, aviation & Logistics forum” халқаро авиация форуми ҳамда "Транспорт ва логистика - TransLogistica Uzbekistan 2025" 21-халқаро кўргазмаси  ана шундай устувор вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилади.

–Президентимизнинг тегишли фармони билан белгиланган стратегик йўналишлар доирасида йўловчи оқими 24 миллионга етказилиши, парвозлар сонини 200 мингга ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида аэропортлар сонини кўпайтириш ва Тошкентда янги халқаро аэропорт қурилишини бошлаш мақсад қилинган. Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонни минтақада замонавий авиация марказига айлантириш, Осиё, Европа ва Ўрта Шарқ орасида барқарор алоқани таъминлаш ва минтақавий интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган. Соҳа равнақи йўлида ташкил этилган ушбу тадбирлар минтақавий ва глобал муаммоларни муҳокама қилиш, энг яхши тажрибаларни алмашиш, инфратузилмани ривожлантириш ва рақамли трансформациядаги ёндашувларни мувофиқлаштириш ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради. Бу каби мулоқот иштирокчилар учун тажриба алмашиш, умумий қарорлар қабул қилиш ва минтақада самарали, барқарор ва боғланган транспорт тизимини ривожлантириш учун катта имконият, – деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. 

Халқаро транспорт форуми бош котиби Йонг Тай Кимнинг таъкидлашича, бу каби тадбирлар стратегик мулоқотни амалий ечимлар билан боғлаш ва Осиё ва Европа бўйлаб боғланган ва барқарор транспорт тизимларини ривожлантиришга кенг йўл очади. 

–Марказий Осиё узоқ йилдан буён Шарқ ва Ғарб ҳамда Шимол ва Жанубни боғлайдиган муҳим савдо чорраҳаси бўлган. Бироқ, юк оқимлари ўсиб бораётгани сабабли инфратузилма эскирган, назорат қоидалари тарқоқ ва иқлим ўзгариши таъсирлари ҳам сезилмоқда. Бу муаммолар етказиб бериш занжирларининг ишончлилиги ва минтақавий транспорт тизимининг барқарорлиги учун катта синов бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, тадқиқотлар коридорларни кенгайтириш, қувват ва тўсиқларни бартараф этиш, инфратузилмани ривожлантириш ва чегаралардаги норматив муаммоларни ҳал этиш учун катта инвестициялар зарурлигини кўрсатмоқда. Мазкур мулоқот нафақат сиёсатчилар ва экспертларни, балки логистика ва технология соҳаларидан етакчилар ва инноваторларни ҳам бирлаштирди. Бу эса минтақавий ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали транспорт тизимларини янада самарали, узлуксиз ва барқарорлигини таъминлаш имкониятини яратади, – деди у.

Маълумот ўрнида, ITF бугунги кунда 69 та аъзо давлатни бирлаштирган ва у транспорт сиёсати бўйича дунёдаги етакчи халқаро давлатлараро фикр маркази ҳисобланади. Ўзбекистон 2020 йилда ITFга қўшилган бўлиб, шу даврдан буён юк логистикаси, алоқалар ва барқарорлик йўналишларида фаол ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бундай ташаббус транспорт, логистика ривожида муҳим бўлиб, юк ташиш алоқаларини кучайтириш, инфратузилмани ривожлантириш ва рақамли трансформация бўйича ёндашувларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу минтақавий ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистонни Осиё ва Европа ўртасида боғловчи, барқарор транспорт марказига айлантириш йўлидаги муҳим қадам. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА