Таҳлил
Бугун дунёда экологик муаммоларни бартараф этиш ҳар қачонгидан кўра долзарб масалага айланди. Табиий ресурслар танқислиги, иқлим ўзгариши, чўлланиш ва сув етишмовчилиги глобал муаммоларга айланиб, фақат бир давлат эмас, балки бутун минтақа, инсоният манфаатларига дахлдор масалаларни юзага чиқармоқда.
Айниқса, бу борада Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги қатъий позицияси ва халқаро майдондаги овози, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) минбаридан илгари сурган ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътирофга сазовор бўлмоқда.
Қайд этиш жоиз, 2017 йилдан буён Ўзбекистон раҳбарининг илгари сурган ташаббуслари асосида БМТ Бош Ассамблеясида 13 та муҳим резолюция қабул қилинди. Жумладан, “Оролбўйини экологик инновациялар ҳудуди” деб эълон қилиш (2021), “Қурғоқ ҳудудларда ўрмон яратиш” (2024) ва “Ўрмонлаштириш ва қайта тиклаш бўйича БМТ ўн йиллиги” (2025) каби ҳужжатлар мамлакатнинг атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида муҳим воқелик бўлди.

2018 йилда БМТ шафелигида Оролбўйининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаш бўйича кўп шерикли Траст жамғармаси ташкил этилди.
Президент БМТнинг 78- ва 80-сессияларида “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг БРМ билан уйғунлигини таъкидлаб, мамлакат 2030 йилга қадар “даромади ўртадан юқори” тоифасига киришни мақсад қилганига урғу берди ҳамда бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳақида ахборот берди.
2025 йилда Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 73 балл билан 62-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 19 поғона юқорилаш ҳисобланди. Ушбу ислоҳотлар энергетика, сув ресурсларини бошқариш, таълим ва экологик барқарорлик соҳаларида амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасидир.
Қайд этиш жоиз, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш тезлашди: энергетика генерациясида қайта тикланувчи манбалар улуши 30 фоизга етди. 2030 йилгача 35 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 54 фоизгача ошириш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида нутқ сўзлар экан, Орол фожиасининг салбий оқибатлари ва уларни юмшатиш бўйича амалий ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда глобал исиш муаммоси кучайиб, ёғингарчилик камаяётган бугунги асримизда Орол денгизини қутқариш тобора имконсиз бўлиб бормоқда. Оролнинг қуриб қолган қисмида майдони 5,5 миллион гектар бўлган янги тузли чўл пайдо бўлди. Унинг устида йилига 90 кундан ортиқ чанг-тўзонлари бўлиб туради, ҳар йили 100 миллион тоннадан ортиқ чанг ва заҳарли тузлар атмосферага кўп минглаб километрларга тарқалади.
Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонга чўл ўсимликлари экилди. Режага кўра, 2030 йилгача бу ҳудуднинг 80 фоизи “яшил қоплама” билан қопланади.
Оролбўйида бугун “яшил белбоғ”лар барпо этилмоқда, экотуризм йўналишлари очилмоқда, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллиондан ортиқ дарахт ва кўчатлар экиляпти. Бу – чанг бўронлари, заҳарли туз ва аэрозолларнинг минглаб километрларга тарқалишини камайтириш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва тупроқнинг деградациясини тўхтатишда энг самарали усулдир.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 69-мақсадида Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган экологик муаммоларнинг салбий таъсирини юмшатиш масаласи қайд этилган. Унинг ижроси юзасидан 2022-2025 йилларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп мевали ва манзарали дарахтлар экиш, Оролбўйи минтақасида экотуризм маршрутлари ишлаб чиқилиб, эколагерлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, “Марказий Осиёда трансчегаравий табиатни муҳофаза қилиш” минтақавий мулоқоти ташкил этилди. Шунингдек, республика бўйича І ва ІІ тоифага кирувчи 189 та йирик саноат корхонаси ва уларга туташ ҳудудларда жами 1 907 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш орқали “яшил белбоғ”лар, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида жами 200 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди.
Шу билан бирга, Оролбўйи минтақаси ҳудудлари Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларида 215 минг гектар “яшил қоплама”лар, ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди, Орол денгизининг қуриган тубида ўтган даврда 82 миллион дона чўл ўсимликлари кўчатлари экилди.
Ушбу тадбирларни ўтказиш учун 7,4 минг тоннадан ортиқ саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари уруғлари тайёрланди. 2 минг тоннага яқин уруғлар Мўйноқ тумани аҳолиси томонидан тайёрланган. Ўрмонлаштириш ишларини давом эттириш мақсадида ҳар йили камида 100 гектар майдонда саксовул кўчатзорлари ташкил этилмоқда. Бу ишлар нафақат экологик барқарорликни таъминлаш, балки аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва тупроқнинг деградациясини чеклашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президент юқори минбардаги чиқишида сув ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Нутқда таъкидланганидек, Ўзбекистон ташаббуси билан Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Президент таъкидлаганидек, тоза ичимлик суви етишмовчилиги – бу фақат экологик муаммо эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, санитария, энергия таъминоти ва ижтимоий барқарорлик билан боғлиқ тизимли инқироздир.
Ушбу форум доирасида “йўл харитаси” қабул қилиниши режалаштирилмоқда, у сув муаммосини глобал таҳдид сифатида тан олиб, аниқ механизм ва ечимларни назарда тутади.
Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 3-йўналиши доирасида 2022-2025 йилларда сув ресурсларини тежаш борасида қатор ишлар амалга оширилган.
Таҳлилларга кўра, дунё аҳолисининг икки миллиарддан ортиғи тоза сувдан маҳрум бўлаётгани “домино эффекти” сифатида қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Бу қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликнинг пасайиши, саноат ва энергетикадаги узилишлар, аҳоли ўртасида касалланишлар ўсиши ва мажбурий миграция каби йўналишларда кўзга ташланиши мумкин. Марказий Осиё каби сувга юксак даражада боғлиқ минтақаларда бу хавфни янада кенгайтириши мумкин.
Минтақада келиб чиқиши мумкин бўлган экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш ҳамда қатор глобал келишувларга эришиш бўйича мамлакатимиз халқаро тадбирларга мезбонлик қилиб келмоқда. Хусусан, шу йилнинг апрел ойида Биринчи Самарқанд халқаро иқлим форуми ўтказилгани фикримизнинг далилидир. Ушбу форумда ҳам экологик вазиятни яхшилаш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришга доир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Ҳар йили Наврўз арафасида “Марказий Осиёнинг яшил белбоғи” дарахт экиш акциясини йўлга қўйилиши, Тошкентда Европа Иттифоқининг “Сув–Энергия–Иқлим” ташаббуси котибиятини жойлаштириш, минтақада сув тежовчи технологиялар бўйича қўшма дастурни ишга тушириш, музликларни сунъий йўлдош орқали узлуксиз “Коперник” мониторингини йўлга қўйиш, шунингдек, Тошкентдаги “Яшил университет” ҳузуридаги Иқлим резиденциясини минтақавий илмий-эксперт платформасига айлантириш каби ташаббуслар келгусида глобал экологик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган. Ушбу беш йўналиш форум “йўл харитаси”нинг амалий устунларига айланса, минтақа миқёсида ҳам, глобал даражада ҳам тизимли натижа беради.
Президентимиз “иқлим миграцияси” масаласига тўхталиб: “Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши иқлим миграциясининг кучайиб бораётганидир. Афсуски, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаган. Биз бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш тарафдоримиз.”, дея таъкидлади.
Халқаро баҳолашларга кўра, дунёда 3,6 миллиард киши иқлим хавфи юқори ҳудудларда яшайди. Марказий Осиёда исиш суръати глобал ўртачадан икки баравар тез: фавқулодда иссиқ кунлар кўпайди, музликлар майдони учдан биргача қисқарди.
Биргина Амударё–Сирдарё ҳавзалардаги сув таъминотининг пасайиши 2050 йилга бориб минтақавий ялпи ички маҳсулотга жиддий зарба бериши мумкин. Бу шароитда миллионлаб одамлар иш, сув ва қулайроқ иқлим излаб кўчишга мажбур бўлади. 2050 йилларга келиб фақат минтақа доирасидаёқ 2,4 миллионгача инсон ички-минтақавий миграция оқимига қўшилиш эҳтимоли бор.
Шу муносабат билан Президент Мирзиёев иқлим миграцияси бўйича Глобал пактни қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳужжат иқлим сабабли кўчган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш, давлатлар ўртасида юкламани адолатли тақсимлаш ва молиявий механизмларни шакллантириш каби масалаларни тартибга солишда муҳим роль ўйнайди.
Ўзбекистоннинг амалдаги ишлари, хусусан, сувни тежаш технологиялари, инфратузилмани модернизация қилиш, минтақавий ҳамкорлик ташаббуслари – мазкур пакт учун тайёр платформа вазифасини бажаради. Энг муҳими, бу инсон қадрини ҳимоя қилишни марказга қўяди.
Бугун иқлим миграцияси масаласига куннинг долзарб вазифаси сифатида сиёсий эътибор, аниқ меъёрлар ва молиявий механизмлар билан жавоб бермасак, экологик хавфлар кун келиб ижтимоий инқирозга айланиши мумкин. Шунинг учун ҳам Глобал пактни қабул қилиш кечиктириб бўлмайдиган масаладир.
Умуман олганда, Ўзбекистон экологик муаммоларнинг олдини олиш ва барҳам бериш бўйича ўзига хос ёндашувни танлаган. Бу ёндашув ҳудудий экотизимларни тиклаш – Оролбўйида яшил қоплама ва ўрмонзорлар барпо этиш, сувни оқилона бошқариш – сув тежовчи технологиялар, инфратузилмани модернизация қилишни талаб этади.
Шунингдек, бу глобал шериклик, инсоний хавфсизликни таъминлаш – иқлим миграцияси бўйича Глобал пакт ҳамда халқаро ҳамкорлик орқали экологик вазиятни яхшилаш каби жиҳатларни қамраб олади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон табиат билан уйғун ҳолда унга мослашмоқда, қонун-қоидаларига амал қилиб, уни асрамоқда. Бугунги саъй-ҳаракатлар нафақат давлат сиёсати, балки халқлар, илм-фан ва халқаро ҳамжамият бирлашгандагина ўзининг ижобий натижасини намоён этади.
Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори.
ЎзА