Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон: глобал мулоқот ва тинчлик меъмори
11:03 / 2026-02-23

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи ҳамда Вашингтонда ўтказилган Тинчлик кенгашининг биринчи саммитидаги иштироки мамлакатимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш ва етакчи жаҳон марказлари билан дипломатик мулоқотни кенгайтиришда муҳим босқич сифатида эътироф этилмоқда.

ЎзА мухбири мазкур амалий ташрифнинг стратегик аҳамияти, музокаралар якунлари ва республикамизнинг янги халқаро форматлардаги иштироки хусусида Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази директори Санжар Валиев билан суҳбатлашди.

– Айтинг-чи, ҳозирги халқаро вазият ва глобал сиёсий трансформация шароитида Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи қандай стратегик аҳамиятга эга?

– Аввало шуни таъкидлаш жоизки, Америка Қўшма Штатлари глобал миқёсда энг қудратли давлат бўлиб қолмоқда. У ҳарбий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда дунёдаги барча жараёнларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Шак-шубҳасиз, АҚШнинг ушбу мавқеи яқин истиқболда ҳам сақланиб қолади. Халқаро майдонда қандай мураккаб ўзгаришлар содир бўлмасин, Вашингтоннинг иштироки воқеалар ривожини белгилаб бериши эҳтимоли юқори.

Бинобарин, янги геосиёсий шароитда ривожланаётган давлатлар ўз барқарорлиги ва тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олмоқда. Шу нуқтаи назардан, Оқ уй маъмурияти билан олий ва юқори даражадаги бевосита алоқалар Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатига дахлдор кенг кўламли масалаларни ҳал этишда муҳим дипломатик восита ҳисобланади. Ҳозирги босқичда биз яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги истиқболлар очиш ҳамда Марказий Осиёдаги ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда долзарб таклифларни илгари суриш имкониятига эгамиз.

Амалда Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги учта асосий йўналишда ривожланмоқда:

Икки томонлама муносабатлар: жадал юксалиб бораётган ва ўзининг юқори самарадорлигини исботлаган стратегик шериклик.

Минтақавий ҳамкорлик: кейинги йилларда изчил ривожланаётган "C5+1" форматидаги кўп томонлама мулоқот.

Глобал ташаббуслар: глобал муаммоларни ҳал этиш мақсадида яқинда таъсис этилган мутлақо янги платформа — Тинчлик кенгаши.

Бугунги кунда мамлакатимиз АҚШ билан биргаликда муайян дипломатик платформаларни танлаган ҳолда, турли масалаларни ушбу механизмлар орқали самарали ҳал этиш салоҳиятига эга. Илгари бундай имкониятлар мавжуд эмас эди. Бу — Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик афзаллигидир. Давлатимиз раҳбари миллий манфаатлар йўлида мазкур имкониятлар уйғунлигидан оқилона фойдаланмоқда. Бундай саъй-ҳаракатларнинг амалий самараси эса фуқароларимиз турмуш сифати яхшиланаётганида, юртимиздаги барқарорлик ва изчил тараққиётда ўз аксини топмоқда.

– Ғазодаги мураккаб гуманитар вазият инфратузилмани тиклаш ва аҳолига ёрдам бериш учун халқаро ҳамжамиятнинг бирлашган саъй-ҳаракатларини талаб этмоқда. Уруш оқибатида вайронага айланган ҳудудларни қайта тиклаш учун ресурслар ва халқаро кўмакни сафарбар этишда Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилиши қанчалик самарали бўлди?

– Дарҳақиқат, Вашингтонда 19 февраль куни бўлиб ўтган Тинчлик кенгашининг илк саммити, муболағасиз, замонавий тарихдаги оламшумул воқеа бўлди. Халқаро амалиётда янги форматдаги йирик ташкилот пайдо бўлди ва ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур тузилма БМТ ва шу каби анъанавий халқаро институтлардан фарқ қилиши лозим. Саммит иштирокчилари ҳам айнан шу фикрни қўллаб-қувватладилар. Тинчлик кенгашининг ўзига хослиги шундаки, у низоли ҳудудлардаги зиддиятларни тартибга солиш ҳамда халқларнинг тинч-тотув яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратиш йўлида тезкор ва амалий чора-тадбирларга асосий эътиборни қаратади. Хусусан, Ғазодаги вазиятни барқарорлаштириш Кенгашга асос солган давлатлар раҳбарлари учрашувининг бош мавзусига айланди. Саммитда 47 та давлат делегацияси иштирок этгани унинг нақадар муҳимлигидан далолат беради. Бу кўрсаткич уч ҳафта олдин Давосда, Кенгашнинг ташкил этилиш жараёнидаги иштирокчилар сонидан қарийб икки баробар кўпдир.

Учрашув якунида минтақани демилитаризация қилиш, қўшинларни олиб чиқиш ва вазиятни нормаллаштириш бўйича халқаро коалиция тузиш юзасидан аниқ тўхтамга келинди. Энг муҳими, Ғазони қайта тиклаш жамғармаси учун салмоқли маблағ шакллантирилди. Барча муҳим жиҳатлар 20 банддан иборат Якуний декларацияда ўз аксини топди. Ушбу ҳужжатда мавҳум фикрлар эмас, балки аниқ белгиланган ҳаракатлар режаси баён этилган.

Ишонч билан айтиш мумкинми, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва қатъий қарорлари бўлмаганида, Ғазодаги гуманитар инқироз янада аянчли тус олиши мумкин эди. Муқаддас Рамазон ойининг илк кунларида иқтисодий юксалиш йўлига кирган "Янги Ғазо"ни барпо этиш борасида тарихий қадам қўйилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тинчлик кенгашининг асосчиларидан бири сифатида ушбу тадбирда иштирок этди. Давлатимиз раҳбари Вашингтонга Ғазо аҳолиси учун ниҳоятда зарур бўлган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар пакети билан борди. Уй-жойлар, мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва тиббиёт муассасаларини бунёд этиш бўйича таклифлар бевосита танг аҳволда қолган инсонларга кўмак беришга қаратилган. Туркия, Озарбайжон ва Афғонистондаги тиклаш ишларида орттирилган бой тажрибамизга таянган ҳолда, биз яна бир бор халқимизга хос юксак инсонпарварлик фазилатларини намойиш этмоқдамиз.

– Давлат раҳбарларининг музокаралари кўп ҳолларда узоқ муддатли стратегик шерикликка пойдевор яратади ва келгусидаги сиёсий-иқтисодий ҳамкорлик йўналишларини белгилаб беради. Фикрингизча, қайси келишувларни олий даражадаги музокараларнинг энг муҳим натижалари сифатида баҳолаш мумкин?

– Саммит кўлами олий даражадаги икки томонлама кун тартибини тўлиқ қамраб олишга имкон бермаса-да, давлатимиз раҳбари Вашингтонда АҚШ маъмуриятининг иқтисодий блоки ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ниҳоятда муҳим мулоқотлар ўтказди.

Жумладан, АҚШ Савдо вазири Говард Латник билан мамлакатларимиз ўртасидаги қиймати 35 миллиард доллар бўлган уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастурининг ижроси юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ташрифнинг ишчи дастури доирасида АҚШ ҳукумати ва молия институтлари вакиллари, шунингдек, Американинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан самарали учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар якунида қуйидаги йўналишлар бўйича муҳим ҳужжатлар имзоланди:

замонавий АЁҚШ тармоқларини барпо этиш;

ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш;

стратегик минералларни қазиб олиш ва етказиб бериш;

паррандачилик кластерларини ташкил этиш;

агросаноат мажмуасини ривожлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш.

Келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида муҳим хом ашё ресурслари, нефть кимёси, энергетика, транспорт, ахборот технологиялари ва молия соҳалари белгилаб олинди. Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши доирасидаги фаолиятнинг истиқболли режалари аниқланди. Шубҳасиз, АҚШ Президенти ва унинг маъмуриятидаги масъул шахслар билан ўтказилган мулоқотлар икки томонлама ҳамкорликни жадал ривожлантириш учун янги суръат бағишлайди. Кўриб турибмизки, давлатимиз раҳбарининг хорижий ташрифлари доимо аниқ амалий хусусиятга эга. Бундай сафарлар ҳар гал янги келишувларга эришиш, йирик лойиҳаларни бошлаш ва юртимиз иқтисодиётига қўшимча инвестициялар ҳамда замонавий технологияларни жалб этиш билан якунланмоқда.

– Мазкур саммитдаги иштирок Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлари ва глобал мулоқотни илгари суришдаги ўрнини қай даражада ифодалайди?

– Тинчлик кенгаши саммити ҳақидаги фикрни давом эттирган ҳолда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва мамлакатимизга бўлган ишонч тобора ортиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда. Муболағасиз айтиш мумкинки, сўнгги йилларда биз ташқи сиёсатдаги стратегик мақсадимизга эришдик — Ўзбекистон бугун жаҳон ҳамжамиятининг масъулиятли, мустақил ва тенг ҳуқуқли аъзосига айланди.

Халқаро муносабатларнинг фаол субъекти сифатида мамлакатимиз ўз сўзига эга, чегаралари мустаҳкам ва халқаро мажбуриятларига содиқ давлат сифатида эътироф этилмоқда. Янги Ўзбекистон Тинчлик кенгашида айнан шундай нуфузли иштирокчи сифатида намоён бўлиб, энг нозик глобал масалалар бўйича умумий мақсадларга муносиб ҳисса қўшишини тасдиқлади. Дипломатиямиз изчил равишда конструктив мулоқотни таклиф этмоқда, бунинг натижаси эса реал ечимлар ва амалий қадамларда ўз аксини топиши лозим.

Бундан ташқари, Ўзбекистон тобора муҳим халқаро анжуманлар ва дипломатик учрашувлар майдонига айланиб бормоқда. Мамлакатимизда яратилган сиёсий муҳит икки ва кўп томонлама муроса йўлларини топиш ҳамда ўзаро манфаатли қарорлар қабул қилиш учун мақбул платформа ҳисобланади. Шу боис, "Тошкент ечимлари", "Самарқанд руҳи", "Термиз мулоқоти" каби иборалар халқаро сиёсатшунослар луғатидан мустаҳкам ўрин олди.

Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, минтақавий ва глобал муаммолар ечимига қаратилган тарихий қарорлар қабул қилиниши учун келгусида Тинчлик кенгаши саммитларидан бирига мамлакатимиз мезбонлик қилиши эҳтимоли жуда юқори.

– Ўз халқаро мақомини мустаҳкамлашга интилаётган давлатларнинг дипломатик стратегиялари билан қиёслаганда, Ўзбекистон жаҳон сиёсати майдонида минтақавий мувозанатни сақлаш босқичидан анча нуфузлироқ мақомга кўтарилаётгандек таассурот уйғотмоқда. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

– Менимча, бу жараённи бир-бири билан узвий боғлиқ икки йўналишнинг параллел ҳаракати сифатида талқин қилиш лозим. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон жаҳон сиёсатида шунчаки геосиёсий устунликка эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Бундай ёндашув на концептуал ҳужжатларимизда, на сиёсий мулоқот стратегиямизда акс этган.Бироқ, мамлакатимиз Марказий Осиёга таъсир кўрсатадиган глобал жараёнларга нисбатан бефарқ кузатувчи бўлиб қола олмайди. Шу боис, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан маърифат, диний бағрикенглик, ёшлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби умуминсоний масалалар юзасидан тизимли ва стратегик ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Минтақавий сиёсатимизнинг бош мақсади — Марказий Осиёни ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, транспорт-логистика, энергетика ва инновациялар бўйича глобал хабга айлантиришдан иборат. Шу нуқтаи назардан, Тинчлик кенгаши саммитидаги иштирок Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизни глобал вазиятни барқарорлаштирувчи ва конструктив мулоқот марказига айлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар замирида янги иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда йирик инфратузилмавий лойиҳаларда иштирок этиш каби прагматик манфаатлар ҳам мужассам.

Тинчлик кенгашининг биринчи саммити ҳақида гапирганда, шуни қайд этиш лозимки, мазкур формат шунчаки навбатдаги дипломатик форум эмас. У тинчлик ва инвестициявий барқарорликни таъминловчи, энг мураккаб глобал муаммоларга ечим топа оладиган таъсирчан тузилмага айланишни кўзламоқда. Ушбу платформанинг муваффақияти нафақат иштирокчи давлатлар, балки халқаро кўмакка муҳтож барча инсонлар учун манфаатли бўлади. Бундай эзгу мақсад йўлидаги интилишлар эса доимо ўзини оқлайди. Зеро, халқимиз донолик билан таъкидлаганидек: “Ҳаракатда — баракат”.

Азиза Алимова суҳбатлашди.

ЎзА