Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Ўзбекистон кейинги йилларда тинчликсевар, очиқ ва мувозанатли ташқи сиёсат юритиб, халқаро майдонда ишончли ва масъулиятли шерик сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.
Давлатимиз томонидан минтақавий барқарорликни таъминлаш, глобал муаммоларни мулоқот ва ҳамкорлик йўли билан ҳал этиш, иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланмоқда.
Айниқса, Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ва инновация соҳаларида изчил кенгайиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи ана шу жараёнларнинг мантиқий давоми бўлди. Вашингтон шаҳрида ўтказилган учрашув ва музокаралар мамлакатимиз ташқи сиёсатининг амалий натижаларга йўналтирилганини яна бир бор намоён этди.
Давлатимиз раҳбари Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида нутқ сўзлаб, Ғазо секторини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қайта тиклаш ва минтақада барқарорликни таъминлаш бўйича ўз қарашларини илгари сурди.
Бу ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро майдонда фаол, масъулиятли ва тинчликпарвар давлат сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, мамлакатимиз нафақат минтақавий, балки глобал миқёсдаги муаммоларга бефарқ эмаслигини, уларни мулоқот ва ҳамкорлик орқали ҳал этиш тарафдори эканини амалий таклифлар билан намоён этмоқда.
Ғазо секторини ижтимоий-иқтисодий тиклаш масаласида билдирилган позиция Ўзбекистоннинг инсонпарварлик тамойилларига содиқлигини, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашни устувор вазифа сифатида кўришини кўрсатади. Бу эса мамлакатимизни халқаро муносабатларда ишончли, конструктив ва ташаббускор шерик сифатида янада мустаҳкам позицияга олиб чиқади.
Ташриф доирасида юртбошимиз АҚШ савдо вазири, савдо вакили, Эксимбанк раҳбарияти ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси бош ижрочи директори билан атрофлича ва мазмунли учрашувлар ўтказиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган устувор масалаларни муҳокама қилди.
Мулоқотлар чоғида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, инвестициявий алоқаларни фаоллаштириш, стратегик лойиҳаларни қўшма молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, саноат, энергетика, инфратузилма ва юқори технологиялар соҳаларида янги ташаббусларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Илғор инновацион ечимлар ва замонавий бошқарув тажрибасини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш, хусусий сектор ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда молиявий институтлар иштирокини кенгайтириш юзасидан амалий келишувларга эришиш масалалари кўриб чиқилди.
Айнан шу музокараларнинг мантиқий давоми сифатида АҚШ молия институтлари ва йирик компаниялари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди. Бу эса, Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш, юқори қўшимча қиймат яратадиган янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, илғор технологияларни жорий қилиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ташриф доирасида икки томонлама ҳужжатлар имзолангани ва қўшма лойиҳалар тақдимоти ўтказилгани эса иқтисодий шерикликнинг сўзда эмас, амалда мустаҳкамланаётгани, Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари амалий натижалар босқичига ўтаётганини яққол кўрсатди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур амалий ташриф Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий ва сиёсий жараёнлардаги иштирокини янада фаоллаштириш, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ҳамда стратегик шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни чуқурлаштириш йўлида муҳим босқич бўлди.
Эришилган келишув ва ташаббуслар мамлакат иқтисодиётига янги инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш, саноатни модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда юқори қўшимча қиймат яратадиган тармоқларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, мазкур ташриф Ўзбекистоннинг тинчликсевар ва конструктив ташқи сиёсат юритаётган, глобал муаммоларга ечим таклиф қила оладиган фаол давлат сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлади.
Н.Абдуримова, ЎзА