Глобал инновация индекси (The Global Innovation Index) – глобал тадқиқот бўлиб, у давлатларнинг инновацион ривожланганлик даражасини баҳолайди.
Мазкур рейтингни баҳолаш услуби Франциянинг INSEAD халқаро бизнес-мактаби, Корнел университети ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) томонидан ишлаб чиқилган.
Ҳозирда Глобал инновация индекси 80 кўрсаткичдан иборат бўлиб, уларнинг сони йилдан-йилга ўзгариши мумкин.
2020 йилда Ўзбекистон 2015 йил билан таққосланганда ушбу рейтингда 29 босқичга кўтарилиб, 93-ўринни эгаллади. Хусусан, Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари орасида 4-ўрин ва даромади ўртачадан паст бўлган 29 мамлакат орасида 12- ўринни эгаллаган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон GII рейтингида сўнгги маротаба 2015 йилда 141 давлат ичида 122-ўринда, Россия – 48, Қозоғистон – 82, Қирғизистон – 109, Тожикистон – 114-ўринларда бўлган.
2020 йилдан аввалги беш йил давомида мамлакатимиз ушбу рейтингдан умуман жой олмаганди. Юртимизнинг рейтингда акс этмаганининг асосий сабаблари сифатида GII индикаторлари бўйича маълумотларнинг етарли даражада эмаслиги ва мавжуд статистик маълумотларнинг эскирганлигини кўрсатиш мумкин.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида ўтказилган “InnoWeek.uz-2020» инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида БИМТ билан ҳамкорликда «Ўзбекистоннинг Глобал инновация индексидаги ўрнини ошириш» бўйича амалий семинар ўтказилди. Ҳозирда БИМТ экспертлари билан ҳамкорликда мазкур йўналишда ишлар давом этмоқда.
Натижада узоқ муддатли танаффусдан сўнг 2020 йилги Глобал инновация индекси рейтингида Ўзбекистон 43 кириш индикатори ва 22 чиқиш индикаторига кўра баҳоланиб, 131 мамлакат ичида 93-ўринда яна қайта рўйхатга киритилди. 2020 йилда Швейцария – 1, Швеция – 2, АҚШ – 3, Россия – 47, Қозоғистон – 77, Қирғизистон – 94, Тожикистон – 109-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Республикаси 2020 йили GII рейтингида қуйидаги субиндикаторларда юқори ўнталик давлатлари қаторига кирди: бизнес бошлашнинг оддийлиги (Ease of starting a business) – 8-ўрин, илм-фан ва техника соҳасида битирувчилар (Graduates in science&engineering) – 7-ўрин ва капитални ялпи равишда жамлаш (Gross capital formation) – 8-ўрин. Шу билан бирга, 8 муҳим индикатор бўйича 12-45 ўринларни эгаллади.
2020 йилда 80 кўрсаткичдан иборат бўлган Глобал инновация индекси рейтингида Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида инновацион ресурслар, яъни кириш субиндекси бўйича 81-ўринни, рейтинг устунлари бўлмиш институционал ривожланиш (Institutions, 95-ўрин), инсон капитали ва илмий-тадқиқот фаолияти (Human capital & research, 77-ўрин), инфратузилма (Infrastructure, 72 ўрин), билим ва технологиялар натижадорлиги (Knowledge & technology outputs, 90-ўрин) каби йўналишлардаги индикаторларда ижобий натижаларга эришганини кўриш мумкин.
Индекс тузувчи экспертлар Ўзбекистоннинг GIIдаги ўрнининг мустаҳкамланишига қуйидаги омиллар таъсир этганини қайд этдилар: тадбиркорликни рўйхатдан ўтказишнинг соддалиги ва такомиллаштирилгани; таълим тизимини молиялаштириш ҳажмининг ортгани; ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ижобий нисбати; илм-фан, технологиялар ва муҳандислик ривожи; меҳнат унумдорлигининг ошгани; ижодий ва маданий хизматлар ва маҳсулотлар экспорт ҳажмининг ортгани.
Ўзбекистоннинг Глобал инновация индексидаги мавқеини кўтариш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги иқтисодиётнинг айрим тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича маслаҳат берувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
GIIнинг ҳар бир кўрсаткичи бўйича идоралараро механизм ташкил этилиб, Ўзбекистоннинг GIIдаги мавқеини ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, вазирлик ва идораларнинг масъуллари учун етакчи халқаро экспертлар иштирокида семинар ва тренинглар ўтказилмоқда.
Ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар Ўзбекистон инновацион экотизимини мустаҳкамлаш ва амалга оширилган ислоҳотларни халқаро рейтингларда акс эттириш бўйича қатор ишларни амалга оширмоқда.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА