193 та аъзо давлат билан биргаликда АКТ соҳасида инновацияларни тарғиб қилувчи Халқаро электралоқа иттифоқи (ITU) БМТнинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ихтисослашган агентлиги бўлиб, 1000 дан ортиқ компания ва университетлар, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотларга аъзо.
Халқаро Электр Алоқа Иттифоқи “Global Cybersecurity Index 2024” рейтингининг янги нашрини тақдим этди. Ҳисоботга кўра, мамлакатлар ривожланиш даражасига кўра бешта гуруҳга ажратилган.
Ўзбекистон Канада, Исроил, Австрия, Швейцария каби мамлакатлар билан биргаликда Tier 2 (Advancing) гуруҳига киритилди ҳамда 2024 йилда мамлакатнинг ушбу кўрсаткичи +18.09 баллга юқорилаб, 89,2 ни ташкил қилди.
2020 йилда эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон 71,11 кўрсаткични қайд этган эди, дейилади Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.
Эслатиб ўтиш жоиз, 1865 йилда ташкил этилган Халқаро Электр Алоқа Иттифоқи (ITU) радио спектридан умумий глобал фойдаланишни мувофиқлаштириш, сунъий йўлдош орбиталарини белгилашда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ривожланаётган мамлакатларда алоқа инфратузилмасини яхшилаш ва кенг диапазоннинг узлуксиз ўзаро боғланишини таъминлайдиган жаҳон стандартларини ўрнатиш учун масъул бўлган ҳукуматлараро органдир.
А.РУСТАМОВ, ЎзА