Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Германия: “Шарите” клиникасида йўлга қўйилган инновацион диагностика ва даволаш усуллари юртимизда ҳам жорий этилади
12:30 / 2023-10-19

Тиббиёт хабарлари

Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Германияга хизмат сафари доирасида Берлин шаҳрида жойлашган “Шарите” университети клиникаси директори доктор Ёахим Зейболд ҳамда бош шифокори Мартин Крайс билан учрашди. Вазирлик матбуот хизмати бу ҳақда батафсил маълумот тақдим этди.  

Айтиш жоизки, мазкур шифо маскани нафақат Германия, балки бутун дунёда довруқ қозонган. Клиника кампусининг умумий майдони 540 минг квадрат метрдан иборат. 3011 нафар бемор ўрнига эга. 15 минг нафардан зиёд ишчи-ходимлар фаолият юритади. Улар орасида ўндан зиёд Нобел мукофоти совриндорлари ҳам бор.  

Бу ерда йилига юз минглаб беморлар даволанади. Қолаверса, муассасада тиббиёт соҳаси бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борилади, инновацион кашфиётлар яратилади.  

Қолаверса, Германиядаги биринчи рақамли мазкур клиника амалиётчи шифокорлар ва илмий ходимларни ўқитиш, замонавий диагностика ҳамда даволаш усулларини жорий этиш, ўта мураккаб клиник ҳолатларни даволашда бой тажрибага эга.  

Эътиборли жиҳати, “Шарите” клиникаси Ўзбекистондаги қатор тиббиёт муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан эришилган ўзаро келишувга мувофиқ, мутахассислар малакаси оширилиб, маҳорат дарслари ташкил қилинмоқда.  

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва “Шарите” клиникаси ўртасида телемедицина соҳасида имзоланган меморандум асосида ҳамкорлик алоқалари изчил давом эттириляпти.  

Бундан ташқари, Шарите ва Роберт Кох университетлари клиникалари билан ҳамкорликда мамлакатимизда “Роберт Кох – Ибн Сино” тиббиёт фонди ташкил этилган.  

Вазир билан давом этган қизғин музокаралар якунида 2024 йил март ойидан бошлаб “Шарите”да онкогематология, хирургия, нейрохирургия, педиатрия каби қатор соҳаларда тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, инновацион диагностика ва даволаш усулларини жорий қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш каби қатор масалалар юзасидан келишувларга эришилди.  

Шунингдек, клиника раҳбарияти ўрта тиббиёт ходимларини ўқитиш борасида ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.  

Вазир Жаҳон соғлиқни сақлаш саммитида маъруза қилди  

Германия пойтахти Берлин шаҳри йирик халқаро тадбирга мезбонлик қилди – Жаҳон соғлиқни сақлаш саммити бўлиб ўтди.  

“Соғлиқни сақлаш соҳасида глобал саъй-ҳаракатларни белгиловчи йил” мавзусига бағишланган бу йилги анжуманда 100 дан ортиқ давлатдан 500 нафардан зиёд маърузачилар иштирок этди. Улар орасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг ҳам бор бўлгани қувонарлидир.  

Бу нуфузли тадбир глобал соғлиқни сақлаш масалаларига бағишланган халқаро даражадаги стратегик анжумандир. У бутун дунёдан сиёсат, илм-фан, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти вакилларини бир майдонда бирлаштириб, ҳамкорлик ва очиқ мулоқотни мустаҳкамлайди, жаҳонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.  

Саммит кун тартиби тиббиёт соҳасига доир барча глобал йўналишларни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди. Шу боис у баҳс-мунозаралар, савоб-жавоблар ва амалий таклифларга бой ўтди. Анжуман доирасидаги дастлабки тадбирлар – тиббиётнинг қатор йўналишларини қамраб олган пленар йиғилишларда вазир Амрилло Иноятов маъруза қилди. Маърузада Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тиббиёт соҳасини трансформация қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари ҳақида сўз юритилди.  

“Барчани тиббий хизматлар билан тўлиқ қамраб олиш: марказдан олис ва чекка қишлоқларгача – трансформация, инновациялар ва молиялаштириш орқали ўзаро тафовутни бартараф этиш” деб номланган маърузада, аввало, юртимизда тиббиётнинг бирламчи бўғинида олиб борилаётган янгиланишлар ҳақида сўз борди.  

Қайд этилганидек, 2022 йилда 17,5 мингта тиббий бригада ташкил этилди, бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходими учун штатлар ажратилди.  

Оммавий патронаж кўриклари ўрнига мақсадли патронаж тизими жорий қилинди. “Бир қадам” тамойили асосида тиббий хизматлар халққа яқинлаштирилди. Жумладан, ЖССТ тавсиялари асосида аҳоли пунктига 3-5 км. масофада жойлашган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари барпо этилди.  

Даврий профилактик кўриклар ва тиббий скрининг текширувларини ўтказиш тизимли йўлга қўйилди. 46 та туманлараро перинатал марказлари очилиб, 500 граммли чала туғилган болалар парвариши учун шароит яратилди.  

Шунингдек, юқори технологик жарроҳлик операциялари, хусусан, мураккаб кардиохирургия ва трансплантация амалиётларини туманлар даражасида бажариш йўлга қўйилди.  

Бинобарин, яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифат ва самарадорлигини оширишга қаратилган устувор мақсадлар ўрин олди. Буларнинг барчаси аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда давлатимизнинг роли улкан ва беқиёс эканлигини ифодалайди.  

Шу билан бирга, соғлом турмуш тарзи, касалликлар профилактикасида ўзига хос тизим бўлган маҳалла институти аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Жаҳон бўйича соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни самарали ҳал этиш учун, аввало, тиббий таълим тизимини модернизация қилишга сармоя киритиш юзасидан таклифлар билдирилди.  

Ўз навбатида вазирнинг чиқиши йиғилиш иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар томонидан Ўзбекистон тиббиётидаги трансформация жараёнлари юксак баҳоланиб, соҳадаги ютуқлар эътироф этилди.  

Шунингдек, А. Иноятов саммит доирасида Германия федерал вазири Карл Лаутербах, Жаҳон соғлиқни сақлаш саммити президенти Аксел Прис ва бошқа қатор мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари билан мулоқотда яқин келажакдаги истиқболдаги режаларни муҳокама қилиб, ҳамкорлик бўйича келишувларга эришди.  

Республика оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари марказида “Heinemann Medizintechnik” академияси очилади  

Вакилларимизнинг навбатдаги учрашуви “Heinemann Medizintechnik” компаниясининг бошқарув директори Франк Шпилнер билан бўлиб ўтди.  

Гамбург шаҳри яқинидаги Калтенкирхен ҳудудида жойлашган мазкур йирик корхона ташкил этилганидан буён ўтган 30 йил давомида ЛОР ускуналари ишлаб чиқарувчи субъектдан юқори сифатли тиббий асбоб-ускуналар тайёрловчи ва етказиб берувчи Европанинг етакчи компанияларидан бирига айланди.  

Ҳозир “Heinemann Medizintechnik” тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш, мутахассислар тайёрлаш ва инновацион ғояларга сармоя киритиш бўйича катта халқаро тажрибага эга.  

Компания 10 йилдан зиёд давр мобайнида Ўзбекистон ва Германиянинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.  

Шу йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Германия халқаро соғлиқни сақлаш форумида “Heinemann Medizintechnik” ҳам фаол иштирок этган ҳамда 20-22 июль кунлари жаноб Франк Шпилнер бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва компания ўртасида англашув меморандуми имзоланган эди.  

Шунга мувофиқ, мамлакатимиздаги қатор давлат тиббиёт муассасаларини ЛОР диагностика ускуналари билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.  

Мулоқот давомида юртимизда янги ташкил этилган Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази қошида “Heinemann Medizintechnik”нинг ўқув-амалий академиясини очиш, марказни компаниянинг юқори сифатли замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, ўзаро ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистон шифохоналарида тиббий технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича электрон платформа яратиш каби масалалар кўриб чиқилиб, қатор келишувларга эришилди.  

Ташриф асносида вакилларимиз компаниянинг ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.    

Шунингдек, юртимиз делегацияси “Weinmann Emergency Medical Technology” компанияси раҳбарияти билан ҳам учрашди.  

Мазкур компания шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматлари, фавқулодда вазиятлар учун сунъий нафас олиш ускуналари, экстремал шароитларда фойдаланишга мўлжалланган инновацион ва қулай тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг юқори сифатли маҳсулотлари дунё бозорида “Германияда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан қадрланади ва эътироф этилади.  

Ҳозир компаниянинг Атланта, Дубай, Мадрид, Париж, Санкт-Петербург, Шанхай каби шаҳарлар ва Сингапурда филиаллари бор. 120 дан зиёд давлатлар билан тўғридан тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.  

Мулоқот давомида мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларини “Weinmann Emergency Medical Technology” асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш масалалари муҳокама этилди ва ўзаро ҳамкорликка оид келишувга эришилди.  

Тиббиёт муассасаларини илғор технологиялар билан жиҳозлашга доир лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди  

“Philips” – дунё бўйича энг машҳур брендлардан бири. Ҳозир шу ёрлиқ остида ишлаб чиқарилаётган замонавий диагностика ускуналари ҳамда беморлар саломатлигини мониторинг қилиш ва кузатиш технологияларидан жаҳон бўйлаб кенг фойдаланилмоқда. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги делегация аъзолари ушбу компаниянинг Германиядаги ваколатхонаси раҳбарияти билан мулоқотда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, хусусан, юртимиздаги қатор тиббиёт муассасаларини шундай илғор технологиялар билан жиҳозлашга доир лойиҳа таклифларини кўриб чиқди.  

 

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА