Бугун коронавирусда антикоагулянт ва антитромбосит терапияси тамойилларига бағишланган навбатдаги халқаро анжуман ўтказилди.
Онлайн тарзда бўлиб ўтган тадбирда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, профессор Ҳабибулло Оқилов, “OPASCA GmbH” компанияси бош директори Алексей Свердлов ва бошқалар икки мамлакатнинг тиббиёт соҳасидаги илмий-амалий ҳамкорлиги пандемияда тиббий муолажалар жараёни ва улар таҳлилида самара беришини таъкидлади.
Ҳ.Оқилов таъкидлаганидек, бўлиб ўтган ушбу тадбир маҳаллий шифокорлар фаолияти учун фойдалидир.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва “OPASCA GmbH” компанияси ҳамкорлигида Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Тадбирга Германиянинг Фрайбург университети клиникаси кардиология ва ангиология бўлими бош шифокори, профессор Даниэль Дюршмид маърузачи сифатида таклиф этилди. У ўз маърузасида коронавирусда антикоагулянт ва антитромбосит терапияси ва бу жараёндаги муаммоларни ҳал қилишда нималарни ўрганиш зарурлиги бўйича кузатув, таҳлил ва коронавирусга чалинган беморларни даволашда амалиётда дуч келган ҳолатларга алоҳида урғу берди.
– Бугун мен ўзбек шифокорлари билан коронавирусда антикоагулянт ва антитромбосит терапияси мавзуида фикрлашишга имконият яратган ташкилотчиларга миннатдорлигимни билдираман, – деди профессор Д.Дюршмид. – Таҳлиллар шуни кўрсатадики, пандемияда беморларни даволашда антикоагулянт ва антитромбосит терапия жуда муҳим. Чунки бу вирус инсон организмининг барча аъзоларига таъсир қилади. Айниқса, бунда қонни суюлтирувчи ва қоннинг ёпишқоқлигининг олдини олиш даво усуллари зарур бўлади. Шу сабабли, биз муолажа вақтида дуч келган муаммоларни таҳлил қилиб боряпмиз. Бугун эса келгусида айнан шу ҳолатлар ечими учун кўп ўрганиш ва асосан нималарга эътибор қаратиш вазифаси олдимизда турибди. Масалан, коронавируснинг илк штаммида қоннинг қуюқлашуви ва ёпишқоқлиги кузатилган бўлса, “Дельта” штаммининг бундай асоратлари ўрганилмади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА