Ўзбекистон – Германия: “Миллий уруғчилик куни” ўтказилади
Уруғчиликни ривожлантириш марказида Ўзбекистон – Германия иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги бўйича экспертлар мулоқот дастури раҳбари Антон ван Энгелен бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида томонлар ҳозирги кунда уруғчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик имкониятлари ва тажриба алмашиш масалаларини кўриб чиқди.
Хусусан, 2026 йилнинг февраль-март ойларида “Миллий уруғчилик куни” тадбирини ўтказиш режалаштирилгани маълум қилинди. Мазкур кун доирасида озуқабоп экинлар бўйича хорижий экспертлар иштироки таъминланиб, Уруғчиликни ривожлантириш марказининг фаолияти, олиб борилаётган амалий ишлар ва янги лойиҳалар бўйича концепция тақдимоти ўтказилиши белгиланди.


Шунингдек, Германияда уруғчилик ва селекция йўналишларида амалий малака ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Қайд этилганидек, мазкур ташаббус мутахассисларнинг тажрибасини бойитиш, илғор халқаро ёндашувларни ўрганиш ва уларни мамлакатимиз амалиётига татбиқ этишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА