English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон - Германия инвестициявий ҳамкорлиги: натижалар қандай?
19:21 / 2022-05-31

Ўзбекистон-Германия инвестициявий ҳамкорлиги доирасида 2020-2021 йилларда 1,5 млрд. долларлик инвестиция ўзлаштирилди. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдаги 613,2 млн. доллардан 2021 йилда 762,7 млн. долларга ошди.

«Йўл харитаси»га умумий қиймати 4,8 млрд. долларлик 58 та битим киритилган, шундан 418,4 млн. долларлик 15 лойиҳа муваффақиятли ишга туширилган.

Бу Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида қайд этилди.

Мажлисда сенаторлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар, давлат компаниялари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этган тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Германияга ташриф якунлари бўйича имзоланган «Йўл харитаси»нинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий қисмини амалга ошириш тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

«Йўл харитаси»ни амалга оширишнинг бориши танқидий таҳлил қилинди. Инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномаларини амалга ошириш учун масъул идоралар фаолиятига баҳо берилди.

Бундан ташқари, «Йўл харитаси»ни ўз вақтида амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Ҳозирги вақтда умумий қиймати 268,9 млн. долларлик 6 та инвестиция лойиҳаси кеч амалга оширилаётгани, 183 млн. долларлик битта лойиҳа эса умуман амалга оширилмаётгани айтилди.

Корхоналарни муҳандислик-коммуникация тизимларига ўз вақтида улаш билан боғлиқ муаммолар қайд этилди. Масалан, Энергетика вазирлиги ва «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» АЖ “Falk Porsche Fiberglass” қўшма корхонасини электр тармоқларига анча кеч улаганлиги туфайли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ярим йилга кечикди.

Ноқарор халқаро вазият туфайли транспорт-логистика занжирларининг бузилиши масаласи долзарблигича қолмоқда. Бу эса лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган импорт ускуналарининг ўз вақтида етказиб берилмаслигига сабаб бўляпти.

Мазкур ҳолат умумий қиймати 14,6 млн. доллар бўлган иккита битимнинг амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатди.

Мажлисда инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш устидан ички назорат тизими мавжуд эмаслигини таъкидланди. Жойларда сенаторлар томонидан олиб борилган ўрганишлар давлат органлари инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишга кўпинча юзаки ёндашаётганини кўрсатди. Шу билан бирга, уларда мавжуд муаммоларни ҳал этишда ташаббус етишмаяпти.

Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги умумий қиймати 122 млн. долларлик 3 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун масъул ҳисобланади. Ҳозирда барча лойиҳалар турли қийинчиликларга дуч келмоқда ва уларни амалга ошириш муддатлари кечиктирилмоқда.

Мажлис якунлари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган Сенат қўмитасининг қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА