Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Германия: ҳамкорликнинг янги даври
17:51 / 2023-09-28

Бутун куч-қуввати бор, маҳорати, имкониятини халқ, давлат, мамлакат равнақи ва истиқболига йўналтириб, аҳолининг турмуш даражасини кўтариш, яшаш шароитини яхшилашни бош мақсад сифатида белгиланган давлат учун нима зарур, деб сўрасалар, ҳеч иккиланмай тинчликка, тўкин-сочинликка, бахт-у камолга олиб борадиган йўл, ўрнак бўла оладиган давлат бошқаруви, шундай мамлакатнинг бор салоҳиятини юзага чиқара оладиган халқ, миллат, дея жавоб берган бўлар эдик.

Дунёда инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган, тарихи ибратли, тажрибаси бой, халқи меҳнаткаш давлатлар бисёр. Германия улардан бири ҳисобланади. Инсоният турмуш тарзини мутлақо ўзгартириб юборган инқилобий ихтиролар – автомобилсозликдан тортиб оғир йўл-транспорт ҳалокати чоғида инсон ҳаётини сақлаб қолиш имконини оширадиган хавфсизлик ёстиқчасигача, рентген аппаратидан “аспирин” деб номланувчи дори воситасигача, компьютердан бошлаб чип ёки жуда оммабоп мр3 аудио форматигача айнан Германияда кашф этилган.

Бу мамлакатда қадимдан илм-фан, санъат, маданиятга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ишларга давлат бюджетидан катта маблағ ажратилади. Қолаверса, алоҳида қобилият, хислатлар немис халқининг қони бор, десак муболаға бўлмайди. Дунё тан олган ёзувчи, шоирлар Иоганн Гёте, Франц Кафка, Эрих Мария Ремарк, Томас Манн, Генрих Бёлль, машҳур композиторлар Иоганн Себастьян Бах, Кристоф Виллибальд Глюк, Феликс Мендельсон, Людвиг ван Бетховен, Рихард Вагнер, Иоганнес Брамс, Рихард Штраус – буларнинг бари нафақат немис миллатининг, балки бутун жаҳон халқларининг буюк ижодкорларидир.

Германия иқтисодиёти йилдан-йилга ривожланаётган давлатлардан биридир. Экспертларнинг таъкидлашича, Германия иқтисодиёти АҚШ, Хитой ва Япониядан кейинги ўринда туради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳолиси турмуш даражаси энг юқори бўлган мамлакатларни аниқлайдиган индекси бўйича Германия 191 давлат орасида 9-ўринни эгаллаган. Бундан 70-75 йил муқаддам Иккинчи Жаҳон урушида иқтисодиёти тўла издан чиққан юрт бугун ялпи ички маҳсулот миқдори бўйича жаҳонда энг юқори кўрсаткичлардан бирига эришган.

Дунё олимлари замонавий бозор иқтисодиётининг илмий-назарий ва амалий асосини “немис иқтисодиёти мўъжизаси” муаллифлари Людвиг Эрхард ва Франц Оппенгеймер номи билан боғлашади. Германия Ўзбекистонга маҳсулот экспорт қилиш бўйича Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Корея Республикаси ва Қирғизистондан кейин 7-ўринда туради. Алоҳида қониқиш билан қайд этиш жоизки,  Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги муносабат сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда. Буни сўнгги олти йил ичида Германия Ўзбекистонга маҳсулот етказиб беришни 2,2 баробарга оширгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бошқача айтганда, икки давлат ўртасида товар ва хизмат айирбошлаш 530 миллион доллардан 1,2 миллиард долларга кўтарилди. Яқин йилларда ўзаро маҳсулот турларини кўпайтириш, диверсификация қилиш ҳисобига айни кўрсаткич яна икки баробар ўсиши кутиляпти.

Иқлими, суви, тупроғи, об-ҳавоси бизникидан фарқ қиладиган Германияда Ўзбекистоннинг ажойиб табиати, сахий қуёши маҳсули, миришкор деҳқон, моҳир боғбонларимиз қўли билан етиштирган мева-сабзавот, айниқса, немислар яхши кўрадиган ҳўл ва қуритилган мева, соф пахта-ю тоза ипакдан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотлари, тикилган тайёр кийим-кечак, шунингдек, саноат маҳсулотлари жуда харидоргир.

Ҳар қандай юрт тараққиёти кўп жиҳатдан мамлакатга жалб этилаётган инвестицияга боғлиқ. Шу маънода Ўзбекистондек илдам ривожланаётган мамлакат бой ва технологик жиҳатдан ривожланган давлатлар билан инвестициявий ҳамкорликни яхши йўлга қўйиши энг тўғри йўл. Бинобарин, Германия ҳозиргача Ўзбекистонга киритган 5,5 миллиард доллар инвестициянинг 4 миллиарди сўнгги бир-икки йилга тўғри келади. Бугунги кунда Ўзбекистонда юздан ортиқ қўшма корхона тўла немис капитали ёки маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишламоқда.

Машҳур “КЛААС” концерни, “Лемкен” қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарадиган корхона, шиша толаси тайёрлайдиган “Фальк Порше”, йўл қурилиши учун асфальт-бетон қоришмаси етказиб берадиган “Паппенбург” компанияси, шунингдек, “Хьюго Босс”, “Карл Гросс”, “Дигель”, “Энгельберг Страус”, “Дойче Кабель” каби банк, бизнес тузилмалари мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилмоқда. Яна бир машҳур корхона – “MAN Nutzfahrzeuge AG” “Ўзавтосаноат” акционерлик компанияси билан ҳамкорликда Самарқандда 3 миллион евро устав фондига эга автомобиль техникаси ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этган. Айни пайтда Самарқанд автомобиль заводида 18 тоннагача юк ташийдиган автомашиналар, 37 йўловчи сиғимли автобуслар йиғилмоқда. Корхона йилига тўрт мингта машина ишлаб чиқариш қувватига эга.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил январь ойида Германия – Ўзбекистон ишчи кенгаши, немис иқтисодиёти Шарқ қўмитаси вакиллари, Германия энергетика агентлиги, шунингдек “CLAAS”, “Knauf”, “Siemens Energy”, “Lasselsberger”, “Aurubis”, “Linde Group”, “Günter Papenburg”, “Falk-Porsche-Technik”, “Mangold Consulting”, “DB Engineering”, “Landesbank”, “Commerzbank”, “KfW”, “Deutsche Bank” каби тузилмалар мутасаддилари, раҳбар ходимлари билан учрашган эди. Унда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 2-3 май кунлари Германияга навбатдаги расмий ташрифи чоғида Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан ҳукуматлараро декларация имзоланди. Мулоқот чоғида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари билан инновацион-технологик шерикликни кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳа ва дастурлар ҳақида сўз борди. Анъанага мувофиқ, Ўзбекистон етакчиси немис бизнесининг илғор вакилари билан ҳам  учрашди.

Таъкидлаш жоиз, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам икки давлат раҳбарларининг доимий эътиборида. Президентимиз охирги сафари чоғида пойтахт Берлинда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига оид кўргазма очилишида қатнашди. Шунингдек, Ўзбекистонда немис тилини ўрганиш бўйича комплекс Дастур тайёрлаш, Тошкентда фаолият юритаётган Гёте институти фаолиятини янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Канцлери Олаф Шольц таклифига биноан 28-30 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Берлин шаҳрида бўлади. Ташриф дастурига мувофиқ, Федерал Канцлер Олаф Шольц ва Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан икки томонлама музокара, шунингдек, Марказий Осиё ва Германия давлат раҳбарларининг учрашувлари режалаштирилган. Мамлакатимиз етакчиси Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этиладиган ишбилармонлик тадбирларида ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, икки давлат раҳбарларининг қатъий иродаси, амалий саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон – Германия муносабатлари жадал ривожланмоқда. Президентимизнинг олмон диёрига бу галги ташрифи ҳам  икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА шарҳловчиси