Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Германиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тило Клиннер билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон-Германия муносабатларини янада ривожлантириш масалалари, парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш таклифлари муҳокама қилинди.
Германия элчиси Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар муҳимлигини, уларнинг аниқ натижаларга эришишга, ҳуқуқий соҳани ислоҳ қилишга ва фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлашга қаратилганлигини эътироф этди. Шунингдек, қулай инвестиция муҳитини яратиш, хорижий инвесторлар ва шерикларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга йўналтирилганини таъкидлаб ўтди.
Томонлар парламентлараро ҳамкорлик муҳимлигини қайд этди. Яқин ўзаро ҳамкорликка ва тажриба алмашишга, турли даражадаги парламент делегацияларининг ташрифларини мунтазам ташкил этишга доир таклифлар билдирилди. Бундан ташқари Ўзбекистон ва Германия парламентлари дўстлик гуруҳлари ва қўмиталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Гўзал Сатторова, ЎзА