Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар марказининг “Оммавий манфаат ва давлат мажбуриятлари” мавзусидаги бешинчи фанлараро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бизнес-омбудсмани, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда бир қатор олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ва Германия таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг етакчи экспертлари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон, Германия ва Россияда оммавий манфаат ва маъмурий процессда унинг ҳимояси: маъмурий ҳуқуқда ҳимоя концепцияси, соғлиқни сақлаш соҳасида оммавий манфаатлар давлат мажбурияти сифатида, юртимизда ижтимоий-тиббий хизматлар кўрсатиш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, биотехнологиялар ва миллий хавфсизлик масалалари юзасидан маъруза, мунозара, мулоқотлар ўтказилди. Мулоқотларда тадбиркорлик фаолияти ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида давлат бошқарувининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган қўшма илмий ахборот-таҳлилий тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ўзбекистон – Германия ҳамкорлиги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқишга келишилди.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик бугун барча соҳаларда жадал ривожланмоқда, – дейди германиялик эксперт Манфред Штендер. – Хусусан, Германияда Ўзбекистон маданиятига оид кўргазма ташкил этилгани ушбу йўналишдаги истиқболли лойиҳаларга йўл очди. Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ва Конрад Аденауэр жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси кўмагида нашр этилган “Буюк ҳукмдор ва улкан нефрит тоши. Амир Темур ҳақида икки тарихий олмон нашрлари” китоби тақдимоти ўтказилди.
– Китобда Амир Темур ва темурийлар даври ҳақидаги олмон халқ вакиллари ёзган иккита мақола ўрин олган, – дейди ушбу китоб таржимони, Ўзбекистон Республикаси Оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази директори Азамат Эгамбердиев. – Китобда XIV асрда яшаган, бир муддат Усмонли давлати, кейинчалик Амир Темур қўшинида хизмат қилган бавариялик Иоҳаннес Шилтбергер исмли аскарнинг хотиралари ва XIX асрда Амир Темур мақбарасида Темур қабри устига ўрнатилган улкан нефрит тоши ҳақидаги ҳикоя ўрин олган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА