Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Германия ҳамкорлиги ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясига тўлиқ мос
12:03 / 2025-04-04

Кейинги йилларда Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, мамлакат халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, ён-атрофда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш ҳамда ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни изчил давом эттириш борасида фаол сиёсат юритмоқда.

Республиканинг халқаро ва минтақавий барқарорликка эришишга қаратилган ташқи ва ички сиёсати Марказий Осиёда ривожланишнинг янги даврини бошлаб берди. Европа Иттифоқи бугунги кунда умумий савдо-товар айланмаси бўйича дунёда етакчи минтақа ҳисобланади. Ташкилот жаҳоннинг юздан зиёд давлати билан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Сўнгги йилларда ЕИ Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантиришга киришган. Иттифоқнинг етакчи давлатларидан бири – Германия Марказий Осиёдаги ҳамкорлик стратегиясини шакллантириш ва амалга оширишда салмоқли улушга эга.​

Хусусан, Германия Марказий Осиёдаги фаолиятини кучайтириш мақсадида 2020 йил “Яшил Марказий Осиё” номли янги стратегияни ишга туширди. Ушбу ташаббус иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, сув ресурслари, музликларни сақлаш, энергетика, биоаҳиллик, ер ресурсларини бошқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни назарда тутади. Шу орқали Германия ЕИнинг Марказий Осиё бўйича 2019 йил қабул қилинган янги стратегиясига ҳисса қўшмоқда.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясида Германия иштироки

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси транспорт алоқаси, энергетика, рақамли тармоқ яратиш, халқ дипломатиясини мустаҳкамлаш ва шерикликни йўлга қўйишни мақсад қилади. Германия бу жараёнда жуда фаол.

Хусусан, Ўзбекистон ва Германия савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлиги изчил ривожланиб, муносабатлар мустаҳкамланмоқда.​ Жумладан, 2016-2023 йиллар давомида товар айирбошлаш икки баробар ошди. 2016 йил савдо ҳажми 529,1 миллион доллар эди, 2023 йил бу кўрсаткич 1 072,3 миллион долларга етди.

Инвестициявий ҳамкорлик

2020 йил Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги халқаро ҳамкорлик стратегиясини қайта кўриб чиқиб, шерик давлатлар сонини 85 тадан 60 тага қисқартирди. Марказий Осиёда фақат Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилиниши Германиянинг Ўзбекистонга ишончи, мамлакатимизни минтақадаги асосий ҳамкор сифатида кўришини намоён қилди.

2024 йил 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Германия сармоядорлари иштирокида 276 корхона фаолият юритмоқда. Шундан 57 таси 2024 йил бошидан буён ташкил этилган. 2023 йил ГФРдан юртимизга жалб қилинган инвестиция ва кредит ҳажми 757,8 миллион долларни ташкил этди. Ўтган йил биринчи ярмида бу кўрсаткич 577,7 миллион долларга етди.

Умуман, Германия иқтисодиётимизга киритган сармоя ва кредит жами 4,5 миллиард доллардан ошди. Бунинг асосий қисми ишлаб чиқариш саноати – тўқимачилик, кимё ва бошқа нометалл минерал маҳсулот ишлаб чиқариш, қурилиш сектори, тоғ-кон саноати ҳамда автомобил савдоси каби истиқболли секторларга йўналтирилган.

Ҳамкорликни кенгайтириш имконияти

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобига кўра, юқоридаги рақамлар икки давлат ҳамкорлигининг барча жабҳаларини акс эттирмайди. Зеро, бугун энергетика, кимё ва фармацевтика саноати, тўқимачилик ва электротехника тармоғи, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, транспорт логистикасида ишга солинмаган имконият жуда кўп.

Шунингдек, юртимиз ишлаб чиқариш секторини Германиянинг трансмиллий компаниялари глобал қиймат занжирига улаш орқали кооперацион ҳамкорликни кенгайтириш имконияти мавжуд.

Ўзаро муносабат ривожи – олий даражадаги мулоқот самараси

Европа ва Марказий Осиё – дунёнинг иқтисодий ривожланиш марказлари, ўсиб бораётган бозор, инсон капиталига эга ҳудудлар. Шу маънода мавжуд имкониятдан унумли фойдаланиш, ўзаро манфаатли шериклик учун қулай шароит яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда Германия – Ўзбекистон сиёсий етакчиларининг анъанага айланиб бораётган учрашувлари муҳим аҳамиятга эга.

2019 йил 21-22 январь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи кенг кўламли ҳамкорликда янги уфқлар очди. Ташриф давомида Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва Канцлер Ангела Меркель билан учрашувлар ўтказилди.

Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф якунлари бўйича қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ 52 та ҳужжат имзоланди.​

2023 йил 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германияга навбатдаги ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашди. “CLAAS”, “Knauf”, “Siemens Energy”, “Linde Group”, “Deutsche Bank” каби йирик компания ва банклар вакиллари қатнашган мулоқот чоғида саноат кооперацияси, “яшил” энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кимё, тоғ-кон, автомобиль, тўқимачилик, электроника саноати ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу учрашув Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг Германия бизнес ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланаётганини кўрсатди.

2023 йил 29 сентябрь куни Берлин шаҳрида бўлиб ўтган биринчи “Марказий Осиё – Германия” саммити доирасида давлатимиз раҳбари Германиянинг собиқ Канцлери Олаф Шольц билан учрашди. Икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилиб, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишилди.

Ишбилармонлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларда кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

2024 йил 17 сентябрда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитида Президент Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Германия” таҳлилий марказлари форумини таъсис этиш ва тузилманинг биринчи йиғилишини Хивада ўтказишни таклиф қилди. Минтақадаги сармоявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш учун “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш, чегара ҳудудларидаги иқтисодий ва саноат зоналарига Германия компаниялари ва банкларини жалб этиш, “Марказий Осиё ва Германия” инвестор ва тадбиркорлари кенгашини ташкил этиш, инвестицияни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича кўп томонлама ҳукуматлараро битим қабул қилиш каби муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Хулоса шуки, мазкур учрашувлар халқларимиз орасидаги дўстликни, ҳукуматлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА мухбири