Тошкентда Ўзбекистон - Германия ишбилармонлар Кенгаши 6-йиғилиши доирасида Бизнес-форум ўз ишини бошлади.
Анжуманда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшаётган етакчи компания ва фирмалар раҳбарлари, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқиб, нуфузли делегация билан ташриф буюрган германиялик ҳамкорларни, форумнинг барча қатнашчиларини самимий қутлади.
Бугунги кунда кўп йиллик конструктив ва самарали мулоқот натижасида икки ҳамкор мамлакат ўртасида ўзаро манффатли шериклик йўлга қўйилган, германиялик ҳамкорлар кўмагида Ўзбекистонда қатор йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Маълум қилинганидек, айни пайтда юртимизда Германия капитали иштирокида 200 дан ортиқ корхона самарали фаолият юритяпти.
Хусусан, “МAN” компанияси билан замонавий юк автомобиллари ва автобуслар, “CLAAS” компанияси билан қишлоқ хўжалиги техникаси, “Viessmann” компанияси билан икки контурли иситиш қозони ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
[gallery-7848]
“Siemens Energy” компанияси билан Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станцияси қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Эртага “Papenburg” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилаётган асфалть-бетон заводининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Ўзбекистон билан Германиянинг муваффақиятли ишбилармонлик ҳамкорлигига, ақниқса, “Кnаuf” компанияси фаолияти намунали мисол бўла олади.
“Кnаuf” мамлакатимизда 3 та завод қурилишига 90 миллион евродан зиёд сармоя киритди. Яқин кунларда Фарғона вилоятида гипсокартон ва қуруқ гипс аралашмалари ишлаб чиқарадиган яна бир янги замонавий корхона очиш режалаштирилган.
Ушбу мисоллар Ўзбекистонда немис бизнеси самарали ривожланиши учун қулай шароит мавжудлигини кўрсатади.
Қайд этилганидек, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва бугунги бизнес-форум сингари тадбирлар икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятидан янада кўпроқ, унумлироқ фойдаланиш имконини беради.
Ўзбекистон - Германия ишбилармонлар кенгаши 6-йиғилиши доирасида ўтказилган Бизнес-форумда Германия иқтисодиёти шарқий қўмитаси бош ижрочи директори Михаэль Хармс, бошқарув аъзоси Манфред Грундке сўзга чиқди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тайёрланган мамлакатимиз инвестицион салоҳияти акс этган тақдимот намойиш этилди. Қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Бизнес форум доирасида саноат, молия, қишлоқ хўдалиги соҳалари бўйича алоҳида шўъба йиғилишлари ва В2В шаклидаги учрашувлар бўлиб ўтди.
Ғ.Хонназаров,
А.Абдуллаев (сурат),ЎзА