English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Ғазначилик амалиёти ҳамжамияти (TCOP) ялпи йиғилишига илк бор мезбонлик қилмоқда
17:53 / 2025-10-13

Бугун Тошкентда Давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик таълим дастури (PEMPAL) доирасида “Ғазначилик фаолиятини модернизация қилиш ва рақамлаштириш” мавзусидаги Ғазначилик амалиёти ҳамжамиятининг (TCOP) ялпи йиғилиши ўз ишини бошлади.

Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Европа ва Марказий Осиё минтақасининг 18 давлатидан 70 дан ортиқ ғазначилик ва давлат молияси соҳасидаги мутахассислар иштирок этмоқда. Шунингдек, муҳокамаларда Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳамда Корея Фискал ахборот хизмати халқаро экспертлари ҳам қатнашмоқда.

Ялпи йиғилиш очилишида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова, Жаҳон банкининг PEMPAL дастури раҳбари Арман Ватян ва бошқлар сўзга чиқиб, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик ғазначилик фаолиятини модернизация қилиш ва рақамлаштиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

– Юртингизда илк бор ўтказилаётган мазкур тадбир нафақат Ўзбекистон, балки минтақада ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки мамлакат бу ташаббусларда фаол иштирок этиб, катта ютуқларга эришмоқда. Ушбу имконият мамлакатнинг рақамлаштириш, ғазна фаолиятини такомиллаштириш ва операцион самарадорликни ошириш соҳасидаги ютуқларини муҳокама қилиш ва ўрганиш учун аҳамиятлидир. Ўзбекистон рақамлаштириш ва инновациялар соҳасида жиддий ва фаол ёндашув кўрсатмоқда. Тошкентдаги ривожланишлар нафақат қурилиш ва урбанизацияда, балки давлат молияси ислоҳотларида ҳам сезилади. Жаҳон банки вакили сифатида мен Ўзбекистон Ҳукумати ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаётганимдан мамнунман. 

Ўзбекистон нафақат PEMPAL аъзоси, балки донор давлат сифатида ҳам муҳим роль ўйнайди. Мазкур тадбирда Европа ва Марказий Осиёдан ташқари, Корея ҳам иштирок этади. Унда глобал ривожланишлар ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади. Хулоса қилиб айтганда, бу йиғилиш минтақадаги молиявий ҳамкорликни ривожлантириш, янги тажрибаларни ўрганиш ва умумий ютуқларни сарҳисоб қилиш учун муҳим имкониятдир, – деди PEMPAL дастури раҳбари Арман Ватян. 

[gallery-25730]

Мутахассислар маълумотига кўра, PEMPAL фаолияти Ўзбекистонда давлат молиясини бошқариш соҳасида муҳим инновацияларни жорий этишга сезиларли ҳисса қўшган. Фуқаролар иштирокидаги бюджетлаш (Ташаббусли бюджет) амалиётининг жорий этилиши, яъни фуқароларга давлат маблағларининг тақсимланиши ва сарфланиши жараёнида иштирок этиш имконини бериш, шунингдек, ягона ғазна ҳисобидан самарали фойдаланиш ва ички аудит тизимини ривожлантириш каби йўналишлар шулар жумласидан. Давлат молиясини бошқаришни мустаҳкамлаш Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва фуқаролар фаровонлигини ошириш учун муҳим шарт ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, TCOP ялпи йиғилиши 16 октябрь куни якунланади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА