Ўзбек футболи ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, жаҳон ареналарида юртимиз довруғини дунёга таратаётган ҳамда мамлакатимизда футбол оммавийлигини оширишда муҳим ўрин тутган футболчи ва мутахассислар ЎФA президентининг махсус совринлари билан тақдирланди, дея хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Aбдусалом Aзизов, биринчи вице-президент Равшан Ерматов ва бўлинмалар раҳбарияти иштирок этди.
Бу йил ушбу тақдирлаш жараёни биринчи бор йўлга қўйилди ва унда 5 та номинация жорий этилди.
Ўтган мавсумда мухлислар ва мутахассислар эътиборини қозонган, терма жамоаларимиз сафида ишончли ўйин кўрсатган Иброҳимҳалил Йўлдошев "Йил кашфиёти" номига сазовор бўлди. Совринни Равшан Эрматов ёш футболчимизнинг отаси Хабибулло Йўлдошевга топширди.
Ўзбек футболи афсонаси Геннадий Денисов “Миллий терма жамоа фахрийси” совринига муносиб деб топилди.
Ҳам майдонда, ҳам унинг ташқарисида барчага ўрнак бўладиган, ҳар бир терма жамоанинг рамзига айланган футболчи Одил Aҳмедов Ўзбекистон МТЖдаги мардонавор ҳаракати ва фидоийлиги учун "Миллий терма жамоа юраги" соврини билан тақдирланди.
Жиззах вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Эргаш Салиевнинг футбол оммавийлик даражасини оширишдаги меҳнатларига муносиб баҳо берилди. ЎФA президенти Aбдусалом Aзизов Эргаш Салиевни “Ўзбек футболи ривожига қўшаётган ҳиссаси учун” соврини билан тақдирлади.
Италиянинг “Женоа” клуби сафида сермаҳсул ва юқори даражали ўйин кўрсатиб, ўзбек футболини жаҳонга янада танитаётган Элдор Шомуродов асосий номинация бўлмиш “Ўзбек футболининг ёрқин юлдузи” совринига лойиқ деб топилди.
Мазкур совринни тажрибали футболчимизнинг отаси Aзамат Шомуродов ЎФA раҳбаридан қабул қилиб олди.