Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан фахрланаман
15:15 / 2022-02-10

Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона миллий сиёсат туфайли Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Энг асосийси, юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тенглиги, ўзаро дўстлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун йўли билан ҳимояланган, яъни Бош қомусимизнинг 4-моддасида “... Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг, тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади», деб белгилаб қўйилган.

Айни кунда Андижон вилоятида турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Ўзбекистон фуқароси сифатида улар амалдаги барча ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлақонли фойдаланмоқда. Айниқса, уларнинг ўз она тилларини ўрганишлари, миллий анъана ва урф-одатларини давом эттиришларида барча шароитлар яратилган.

Бу борада вилоятда фаолият юритаётган қирғиз, рус, уйғур, корейс ҳамда арман миллий-маданий марказлари томонидан амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Буни 1996 йилда ташкил этилган Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий маркази фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

– Бугун Андижон вилоятида 200 минг нафарга яқин қирғиз миллати вакиллари яшайди, – дейди Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Обиджон Носиров. – Миллатдошларимиз Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида нисбатан уюшган ҳолда истиқомат қилади.  Жойларда халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларини давом эттириш учун барча шароитлар яратилган.

Марказимиз томонидан Ўзбекистонда яшаётган турли халқ, миллат ва элатларнинг ўзаро дўстлиги ва тотувлигини мустаҳкамлаш, юртни обод қилиш, тинчлигини асрашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу орқали ёш авлодни ватанпарварлик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш ишига ҳисса қўшмоқда.

Марказ ташаббуси билан вилоятнинг Андижон, Хонобод шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат туманларида «Ўзбекистон - умумий уйимиз», «Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда», «Ўзбекистон - ягона ватаним», “ Туғилган ер Ватандир», «Она ягона, Ватан биттадир», «Аҳил ва иноқлигимиз - дўстлигимиз пойдевори», «Шу азиз юрт - барчамизники!» каби мавзуларда дўстлик фестиваллари, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, жойларда қирғиз миллий байрамларига бағишланган тадбирлар ҳам доимий равишда ўтказиб келинмоқда.

[gallery-5713]

Бундан ташқари, қўшни давлатлар хусусан, Қирғизистон Республикаси билан ўзаро маданий, маърифий соҳаларда ҳамда дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда ҳам Марказнинг саъй-ҳаракатлари эътиборга молик. Жумладан, Марказ томонидан Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари билан Бишкек, Ўш, Ўзган шаҳарларида яшовчи аҳоли билан учрашувлар, концерт дастурлари ташкил этилди.

– Вилоятда яшаётган қирғиз халқи вакилларининг ўз тили, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантириш, келгуси авлодга етказишлари учун барча шароитлар яратиб берилган, – дейди Андижон давлат университети филология факультети Қирғиз тили бўлими раҳбари Маҳбубахон Темирова. – Айни кунда вилоятдаги бир нечта мактабда таълим тўлиқ қирғиз тилида олиб борилади, бундан ташқари яна ўнлаб умумтаълим мактабларида қирғиз тилида ўқийдиган синфлар бор. Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 60 нафардан ортиқ қирғиз ёшлари таҳсил олмоқда.

Андижон вилоятида қирғиз ва қирғиз-ўзбек тилида ўқитишга ихтисослашган мактаблар ўқувчилари қирғиз тилидаги дарсликлар билан тўлиқ таъминланган. Шу билан бирга, мактаб кутубхоналарини қирғиз тилидаги адабиётлар билан бойитиш мақсадида давлат ҳисобидан ўзбек адабиётининг таниқли намоёндалари Ғофур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қодирий, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф каби ёзувчи ва шоирларининг асарлари қирғиз тилига таржима қилиниб, ўқувчи ёшларга етказилган.

– Туманимизда қирғиз тилида ўқитиладиган синфлари бўлган 8 та мактаб ҳамда таълим тўлиқ қирғиз тилида олиб бориладиган 1 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият кўрсатмоқда, – дейди Қўрғонтепа тумани халқ таълими бўлими ўзбек тили ва адабиёти ҳамда қардош тиллар бўйича методисти Умидахон Юсупова. – Қирғиз тили ўқитиладиган синфлар барча фанлар бўйича қирғиз тилидаги дарсликлар билан тўла таъминланган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қирғиз тилида дарс ўтадиган ўқитувчиларимизга зарур услубий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Қирғиз Миллий маданий маркази билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида қирғиз ёзувчи ва шоирлари, хусусан, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этишга қаратилган адабий тадбирлар доимий равишда ўтказиб келинади.

Вилоятда яшаётган барча миллат вакиллари қатори қирғиз халқи вакиллари ҳам юртимиз ривожи, тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. Айниқса, «Дўстлик» ордени соҳибаси, Жалақудуқ туманидаги 27- умумтаълим мактаби директори Умидхон Маматалиева, меҳнат фахрийлари қўрғонтепалик Келсиной Сўпибекова, Хонобод шаҳрида яшовчи Анорхон Норматова, хўжаободлик Давлатхон Маматбекова, марҳаматлик Камолиддин Ёрматов сингари инсонларнинг меҳнатлари алоҳида эътирофга муносиб.

– Менинг миллатим қирғиз, Ўзбекистон фуқаросиман, – дейди Хўжаобод тумани ҳокимлиги «Ҳақиқат» газетаси муҳаррири, «Дўстлик» ордени соҳиби Толибжон Шерматов. – Юртимизда олиб борилаётган одилона миллатлараро сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Очиғи, миллатлараро тотувлик юксак даражага кўтарилган Ўзбекистонда яшаётганлигимдан қалбим фахрга тўлади.

Турли миллат, элат вакиллари эмин-эркин яшаб келаётган Ўзбекистонимизда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди. Чунки, улар она Ватанимиз тинчлиги, равнақи йўлида бир жон, бир тан бўлиб яшамоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА