Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон фуқароларига Европа давлатларидан бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда
17:20 / 2022-02-08

Мамлакатимизда хорижга ишлаш истагида кетаётган мигрантларни ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун қулайликлар яратиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бу тадбирларда фуқароларни танлаш, тайёрлаш, муҳитга  мослаштириш, ишга жойлаштириш жараёнлари самарали ташкил этилмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолининг муҳим саволларига жавоб берилди.

–  Ҳозирги вақтда Россияда ишлаш бўйича қандай янгиликлар мавжуд?

– 2021 йилнинг октябрь ойидан қурилиш соҳасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 10 минг фуқарони Россияга соддалаштирилган тартибда ишга жўнатиш бўйича пилот лойиҳасига старт берилган эди. Ҳозирги вақтда ушбу лойиҳа доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида танловлар ўтказилмоқда, муваффақиятли ўтганлар ишга жўнаб кетмоқда.

Ушбу лойиҳанинг афзаллиги нималардан иборат?

– Фуқароларга Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни расмийлаштиришда талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарияти, хусусан, тиббий кўрик, бармоқ изларини олиш кабилар иш берувчилар ҳисобидан Ўзбекистонда амалга оширилади. Шунингдек, ишга номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва бир компонентли “Sputnik Light” вакцинаси билан эмлаш тадбирлари ҳам россиялик мутахассислар томонидан ташкил этилмоқда. Иш берувчилар томонидан таклиф этилаётган иш ҳақи миқдори ўртача 40-60 минг рублни ташкил этади. Таъкидлаш жоизки, ушбу жараёнлар, яъни Ўзбекистонда фуқарони танлашдан бошлаб, Россияда қонуний иш бошлашгача бўлган вақт кўпи билан Ўзбекистонда 18 кун, Россияда эса 7 кунда амалга оширилади. Авваллари Россияда патент ҳужжатларини расмийлаштиришнинг ўзига 25-30 кун вақт талаб этилганини инобатга олсак, ушбу тадбирлар Россияда ишлаш истагидаги кўплаб юртдошларимизнинг вақти ва харажатларини қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Европа давлатларига ишга кетиш учун қандай имкониятлар бор?

– Ташқи меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида қатор ривожланган давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан келишувларга эришилмоқда. Бугунги кунда чет элда ишлаш истагида бўлган юртдошларимизни хорижда хавфсиз, манзилли ва қонуний бандлигини таъминлаш мақсадида Германия, Словакия, Латвия, Болгария, Полша, Финляндия каби давлатларда ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Хусусан, Германия иш берувчи ташкилотлари томонидан юк машина ҳайдовчиси вазифасига С,Е категориясига эга ва немис тилини В1 даражасида биладиган, тиббиёт муассасаларида ишлаш бўйича кичик тиббиёт ходимлари учун иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Юқоридаги иш ўринлари учун номзодларни кетишдан аввал чет тили ва касбий тайёрлаш имкониятлари ҳам мавжуд. Ушбу бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига  1282 қисқа рақами ёки 71 коди билан 202-33-55 ва 200-00-61 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

Ҳозирги вақтда Корея Республикасига ишчи визаси билан кетиш мумкинми?

– COVID-19 пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг нисбатан барқарорлашгани сабабли 2021 йил ноябрь ойи охирида Корея Республикасига ишчи кучи жўнатувчи барча давлатлар, шу жумладан Ўзбекистондан Е-9 ишчи визаси билан меҳнат мигрантларини қабул қилиш жараёни тикланган эди.

Афсуски, фуқаролар Корея Республикаси томонидан тан олинган вакцина билан эмлангани ҳамда кетишдан 72 соат олдин олинган ПСР тести натижасига кўра Covid-19 инфекцияси аниқланмаганига қарамасдан, сўнгги вақтларда ушбу давлат ҳудудига кириб боргач, юртдошларимизда коронавирус инфекцияси қайд этилиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, Корея Республикаси Инсон Ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан жорий йил январь ойидан кетишдан аввал 7 кунлик мажбурий карантинда бўлиш ва кетишдан 48 соат олдин ПСР тестини топшириш тартибини жорий этиш таклифи берилган. Шу муносабат билан, Корея Республикасига ишга кетишга тайёргарлик кўраётган юртдошларимиздан карантин қоидаларга қатъий амал қилиш сўралади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА