Молиявий "пирамида"лар янги усуллардан фойдаланиб, ўзининг йўналишини ўзгартириб туради.
Кузатувларимиз жараёнида молиявий «пирамида»ларга хос алоҳида аломатлар аниқланмоқда. Жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ва фаол пропаганда тадбирлари ташкил этмоқда. Мазкур рекламани кўрсангиз, ҳеч қаерда ишлашингизнинг ҳожати йўқ, лекин катта миқдорда маблағ топишингиз ва ушбу фойда ўсиб бориши айтилади. Ажойиб "бизнес"нинг нақадар фойдали ва жозибадорлигини исботлаш учун ижтимоий тармоқлардаги рекламаларда таниқли шахслар ва брендлар номидан фойдаланилади.
Ўйлаб ўтиришга вақт йўқ дегандек, даромад олишнинг бу кўриниши фақат сиз учун, фақат бугун, эртага кеч бўлади, деб қайта-қайта такрорлайди. Лекин орадан бир ҳафта ёки бир ой ўтганидан кейин борсангиз ҳам бизнесдан даромад олишнинг ўша шартлари ҳали ҳам мавжуд бўлади. Таклиф этилаётган даромад миқдори катта ва нореал бўладики, тижорат банкларида тақдим этилаётган омонат банкларининг фоиз ставкасидан ҳам буни кўриб билиб олса ҳам бўлади. Одатда мазкур "бизнес"ни юритишда лидер сифатида чет эл фуқароси кўрсатилади. Унинг иштирокида турли хил тренинг, тадбирлар ташкил этилиб, асосий урғу жалб қилинган пуллар қандай иқтисодий йўллар билан кўпайтирилиши ёки айнан қайси тадбиркорлик йўллари билан шуғулланишга эмас, балки жуда катта миқдорда даромад бериши йўллари, чет элга саёҳатга йўлланма ютиб олиш имконияти, республикамиз фуқаролари орасида миллий лидерларни тайёрлаш ҳамда уларни рағбатлантиришга алоҳида урғу бериб ўтишади.
Ваъда қилинаётган «бизнес»нинг қонунийлигини мижозлар ўртасида тасдиқлаш учун юридик шахс сифатида жамият ташкил этилади. Лекин жалб қилинаётган пул маблағлари мазкур жамиятнинг тижорат банклари томонидан очилган ҳисоб рақамларига эмас, балки аввалдан тайёрлаб қўйилган 5-10 та жисмоний шахс номига очилган миллий ва хорижий тўлов карталарига ўтказилади.
Эътиборлиси шундаки, жалб қилинаётган пул маблағлари, кейинчалик ваъда қилинаётган бонуслар асосан чет эл валютасида бўлиб, ҳуддики шу бизнес чет элда амалга оширилади ва унинг даромади ҳам чет элдан келади. Энг ачинарлиси, тўпланган маблағларнинг 10-15 фоизи миқдори янги мижозларни жалб қилишни жадаллаштириш мақсадида молиявий «пирамида»ларга биринчи қўшилган шахсларга оммавий тақдим этилади. Ижтимоий тармоқларда бўрттирилиб намойиш қилинади. Бунинг натижасида янада кўпроқ пул маблағлари жалб этилиб, барча пуллар чет элдан очилган ҳисоб рақамларга ўтказилади. Ташкилотчилар эса мамлакат ҳудудидан чиқиб кетади. Оқибатда фуқароларимиз манфаатига жуда катта зарба тушади.
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "молиявий пирамида" ташкил этган айрим ноқонуний ташкилотлар фаолиятини олдини олиш юзасидан кўрилаётган чораларга бағишланган матбуот анжуманида шулар тўғрисида маълумот берилди.
— Бугунги кунда бу каби фирибгарлардан жабрланган 1 000 дан ортиқ фуқаролар мурожаат қилган. Мурожаатлар ўрганилиши натижасида 1 миллион доллар зарар аниқланган. Ачинарлиси эса мурожаат қилган шахсларнинг кўпчилигини ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ташкил этмоқда, – дейди Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди раиси Т. Обидов.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА