English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Франция: янги даражадаги стратегик ҳамкорлик
12:52 / 2025-03-15

Муносабат

Мана бир неча кундирки дунё нигоҳи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга қилган давлат ташрифи ҳамда унинг доирасида эришилган натижаларда бўлиб турибди. 

Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик муносабатларининг ўрнатилганлиги нафақат икки мамлакат қолаверса, Марказий Осиё – Европа Иттифоқи минтақаси ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Боиси, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси сиёсатида етакчи ўрин тутса, Франция ҳам бутун Европа Иттифоқининг кун тартиби кўп жиҳатдан шаклланадиган сиёсий марказ ҳисобланади. Агар бу борада рақамларга эътибор қартилса Франция иқтисодий жиҳатдан Европада учинчи, жаҳонда еттинчи ўринда турувчи давлат саналади.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар сиёсий, иқтисодий, маданий ва таълим соҳаларида фаол ривожланмоқда. Иқтисодий соҳада ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон – Франция бизнес-форумлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Франция компаниялари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, энергетика, инфратузилма ва саноат соҳаларида фаолият юритмоқда.

Хусусан ҳозирга келиб, Ўзбекистонда Франция капитали иштирокида жами 50 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Шундан 28 таси қўшма корхона ҳамда 22 таси тўлиқ Франция капитали иштирокидаги корхоналар ҳисобланади. 

Президентимизнинг жорий йил 11-13 март кунлари Францияга қилган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Буни ҳар бир учрашув ва мулоқотлардаги самимият ва дўстона муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Қолаверса, бу галги ташриф кутилмаган тарихий воқеликларга ҳам бой бўлди.

Жумладан, Елисей саройида бўлиб ўтган Президент Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макроннинг музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарорга келдилар. Президентимиз Франция Республикасининг олий мукофоти – Фахрий легион ордени билан тақдирланди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан ўзаро озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда Франциянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури алмашилди.

Шу билан бирга, давлат ташрифи давомида Ўзбекистон – Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация ҳамда 2026-2030 йилларда Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик дастури каби 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.

Эришилган келишувларнинг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши яқин вақт ичида Ўзбекистонда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида улкан натижаларга эришиш имконини беради. Боиси, жаҳоннинг кучли 100 та топ университетлари қаторига кирувчи Франциянинг Сарбонна университети, Лион миллий амалий фанлар институти кабиларнинг Ўзбекистонда филиаллари очилиши мамлакатимизда замонавий билимлар ва тажриба алмашинишини таъминлайди.

Қолаверса, Ўзбекистон фармацевтика секторига Франциянинг юқори технологияларини жалб қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда замонавий клиникалар қуриш ва тиббиёт ускуналари етказиб беришда Франция компаниялари жаҳонда етакчи ҳисобланади. Ҳозирда Sanofi каби француз фармацевтика компаниялари Ўзбекистонда дорилар ишлаб чиқариш ва тарқатишда иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.

Умуман олганда, Париж шаҳрига ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари, Франция Миллий мажлиси Раиси Яэль Браун-Пиве, Париж шаҳри мэри Анн Идальголар билан бўлиб ўтган самимий учрашуви ва эришилган натижалар яқин истиқболда ўз натижасини кўрсатиб икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда ижтимой-маданий соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари янада ривожланишига хизмат қилади.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Меҳнат, соғлиқни сақлаш

ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА