French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Франция. Теран илдизга эга дўстона муносабат
11:07 / 2023-11-01

Жаҳон тамаддунида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона муносабат теран илдизларга эга. Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев билан суҳбатимиз айни мавзуга оид.

– XIV аср ўрталарида Буюк Ипак йўлининг ғарб мамлакатларига олиб борувчи тармоғи турли низолар туфайли инқирозга учраган эди, - деб сўз бошлади суҳбатдошимиз. – Ўша даврда Амир Темур турли соҳаларда қитъалараро алоқа тикланишига шароит яратиб берди. Унинг Европа давлатлари қироллари билан олиб борган мулоқотлари орасида, айниқса, Франция қироли Карл VI билан ёзишмалари алоҳида тарихий аҳамиятга эга. 1394 ва 1399 йилларда Амир Темур ҳузурига келган Византия императорининг Константинополдаги муовини Франсуага Сандро исмли вакил ҳамроҳ бўлган. Сандронинг қўлида Генуя ҳомийси – Франция қиролининг Амир Темур номига ёзилган мактуби бор эди.

1402 йил Карл VI Амир Темур билан мустаҳкам сиёсий алоқа ўрнатишга интилди. Ушбу саъй-ҳаракат самараси ўлароқ олиб борилган ёзишмаларнинг бир қисми Франция ҳужжатлар архивида сақланади. Мактубларда Амир Темур қиролнинг Шарққа нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Франция билан савдо-сотиқ йўлга қўйилишининг аҳамиятига эътибор қаратади:

– Бизнинг ул улуғ амирдан кутганимиз шулдурки, доимо бизга шоҳона мактублар юбориб, саломатликларини билдириб турсалар, токи биз хотиржам бўлгаймиз. Яна сизнинг савдогарларингиз бу тарафга қатнаб турсалар, биз бу ерда уларни азиз-у мукаррам тутғумиздир. Шунингдек, бизнинг савдогарлар у тарафга юборилса, сиз ҳам уларни азиз-у мукаррам тутсангиз, ҳеч кимса уларга зўрлик қилмаса ва зарар-заҳмат етказмаса! Зеро, дунё савдогарлар билан ободдир!

Соҳибқироннинг Франция қиролига ёзган, бизнинг давримизгача лотинча таржимаси етиб келган иккинчи хати ҳам 1402 йил 1 август санаси билан белгиланган. Ҳар икки номани архиепископ Иоанн III Францияга етказган. 1403 йил июнда Парижга борган архиепископ Амир Темурнинг қиролликни қизиқтирувчи, савдогарларнинг ўзаро муносабатини таъминлаш, савдо эркинлигини тегишли битим орқали кучга киритиш таклифини баён этади.

Амир Темурнинг ҳамкорлик тўғрисидаги ташаббуси Карл VI томонидан мамнуният билан қабул қилингани 1403 йил 15 июнда Соҳибқирон номига йўлланган мактубда ифодасини топган.

– Яратганнинг марҳамати ила франклар қироли Карл муҳтарам ҳазрат, музаффар подшоҳ Темурбекка салом йўллайди ва тинчлик тилайди, – дея бошланадиган ушбу мактубда Франция билан Амир Темур давлати ўртасида савдо алоқасини ўрнатиш масаласига жиддий аҳамият қаратилади. – Биз сизнинг ишларингизни, фойдали таклифларингизни қабул қиламиз, имкони бор жойларда (уларга) баробар ва ундан ортиқроқ илтифот кўрсатишга ваъда берамиз.

Амир Темур ҳам, Карл VI ҳам ўзаро дўстлик ва бирдамликдан, битим тузишдан манфаатдор бўлганини номалардан англаш мумкин. Академик Акмал Саидов ва Люсьен Керен муаллифлигидаги “Амир Темур ва Франция” номли асарда Венсан Фруньёнинг Амир Темур ҳақида қуйидаги фикри қайд этилган:

– Амир Темур мавзуси Ғарбий Европада Клавихо ва Женкинсон сафарномалари эълон қилинмасдан бурун, шунингдек, Ибн Арабшоҳ, Шарафиддин Али Яздий сингари тарихчилар асарлари таржима қилинмасдан олдин ҳам тарихий ва адабий мавзу сифатида мавжуд эди.

Хуллас, Ўзбекистоннинг турли мамлакатлар, жумладан, Франция билан сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги алоқалари, хусусан Амир Темур ва Карл VI томонидан тамал тоши қўйилган ҳамкорлик, бирдамлик муносабатлари бугунги кунда янгича, жадал суръатда ривожланмоқда.

Муҳаррама Пирматова ёзиб олди.

ЎзА