Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон - Франция: ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга қадам қўймоқда
20:04 / 2023-11-02

Яна саноқли ойлардан кейин Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигига 32 йил тўлади. Боиси, Франция мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1992-йил 3 январда эътироф этган.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992-йил 1 мартда ўрнатилган бўлиб, 1992-йил июндан бошлаб Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, 1995-йил март ойидан бошлаб эса, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ўз фаолиятини бошлаган.

Аммо икки мамлакат халқлари ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳалардаги алоқалар узоқ тарихга бориб тақалади. Хусусан, ўрта асрларда Амир Темур Анқара яқинида 1402-йил июль ойида Усмонийлар султони Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозонгач, Амир Темурни ушбу ғалаба билан Франция қироли Шарл VI табриклаб, унга махсус мактублар юборган. Ушбу дўстона алоқалар томонлар ўртасида бир неча бор савдо карвонлари ва элчилар алмашинуви орқали давом этган.  

Мустақиллик йилларида ҳам ушбу тарихий алоқалар қайта тикланиб, янги босқичга олиб чиқилди. Буни биргина икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар жадаллашувида ҳам кўриш мумкин. Айни кунда Ўзбекистонда Франция капитали иштирокидаги 50 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда, Франциянинг нуфузли Orano, EDF, Total, SUEZ, Eiffage, Voltalia, Lactalis, Veolia ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

Жорий йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатимизга ташрифи ушбу дўстона алоқа ришталарини янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.  

Ташриф доирасида икки мамлакат етакчилари томонидан Ўзбекистон-Франция дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ташаббуслар билдирилди. Хусусан, икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда ўтказилган мулоқот доирасида томонлар фаол сиёсий алоқаларни, парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий ва иқтисодий идораларнинг мунтазам мулоқотини давом эттиришга келишиб олдилар.  

Шунингдек, давлатимиз раҳбари қазиб олиш тармоғи, стратегик хомашё ресурсларини қайта ишлаш, гибрид, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини жорий этиш, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни ҳамкорликнинг устувор соҳалари сифатида қайд этди.  

Ишбилармонлар ўртасидаги шерикликни илгари суриш учун Ўзбекистон-Франция савдо палатаси ишга тушиши ҳамда Тошкентда “Business France” агентлигининг офисини очиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида уч йиллик дастур қабул қилиш ва унинг доирасида ўзаро Маданият кунларини ўтказишга келишиб олинди.  

Шу билан бирга, ташриф доирасида давлат раҳбарлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Франция қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этишди. Франция ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик масалалари ва хориждаги француз фуқароларининг ишлари бўйича вазир-делегат Оливе Бешт, иқтисодиёт, молия, саноат ва рақамли суверенитет вазири ҳузуридаги саноат масалалари бўйича вазир-делегат Ролан Лескюр, “MEDEF International” бизнес уюшмаси бош директори Клод Имовен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу ҳамда EDF, Voltalia, Total Energies, Orano, Eiffage, Veolia, SUEZ, Lactalis, Semai, Semmaris, Alstom, Airbus Helicopters, ATR, Vicat, Mobilitas, Boehringer Ingelheim, Thales, Aramine, Meridiame, Societe Generale, Natixis каби йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этган форум доирасида энергетика, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда бир қатор ҳужжатлар имзоланди.  

Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Франция етакчисини Самарқанд шаҳридаги халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини акс эттирувчи тарихий обидалар билан таништирди.  

Умуман олганда, самимий ва дўстона мулоқот руҳида бўлиб ўтган учрашувларда эришилган натижалар нафақат икки мамлакат, балки икки минтақа давлатлари ва халқлари ривожида ўзига хос муҳим аҳамият касб этади.

 

Махфират Хушвақтова,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати