Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги делегацияси Париж шаҳри Туризм департаменти вакиллари билан музокаралар олиб борди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, жумладан, туризм соҳасида тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.

Хусусан, Париж шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган гастрономик фестиваль масаласи алоҳида кун тартибида кўриб чиқилди.

Ушбу фестиваль Ҳукуматимизнинг тегишли топшириғига мувофиқ ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, унинг асосий мақсади ўзбек миллий таомларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, шунингдек, мамлакатимизнинг бой маданий меросини Франция ва бошқа хорижий аудиторияга етказишдан иборат.
Шунга кўра, мазкур ташаббус юртимизнинг халқаро туризм бозори ва гастрономик харитасидаги мавқеини мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА