Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ўзбекистон флораси» тўпламининг янги нашрлари чоп этилди
17:13 / 2021-06-03

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Моҳира Жуманова иштирокида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.

Мамлакатимизда табиат муҳофазаси, экологик барқарорлик ва биохилма-хилликни сақлаш, қайта тиклашга катта эътибор қаратилмоқда. Брифинг Фанлар академияси томонидан республикамиз флора ва фаунаси хилма-хиллигини сақлаш борасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларига бағишланди.

Қайд этилишича, Фанлар академияси Ботаника институтидаги Ўзбекистон Миллий гербарийси Марказий Осиёдаги энг йирик ботаник коллекция. Дунёнинг 4 мингга яқин гербарийлари орасида 30 талик таркибига кирувчи ноёб илмий объект саналади. 1830-1835 йиллардан бошлаб тўпланган бу Гербарий ҳозирги кунга келиб 1,5 миллиондан ортиқ намуналарни ўз ичига олган ва Осиё минтақасидаги йирик 4 та гербарий қаторига киради.  

Ўзбекистон ҳудудидан терилган дастлабки намуналар 1900-1905 йилларга тўғри келади. Бугунги кунда эса Миллий гербарийнинг асосий қисмини мамлакатимиз ҳудудидан тўпланган гербарий намуналари ташкил этади.  

Гербарийнинг типлар коллекцияси 3000 дан ортиқ намуналарни ўз ичига олади ва улар фан учун янги, деб топилган ўсимлик турларининг илк намуналари, яъни, шу ўсимлик турининг “паспорти” ҳисобланади. Ҳозирда тип намуналари коллекцияси тўлиқ рақамли форматга ўтказилган.

Ўзбекистон Миллий гербарийси мамлакатимиздаги ботаник тадқиқотларнинг асоси бўлиб, ўсимликлар систематикаси ва географияси, қоплами, ресурсшунослик борасида олиб бориладиган барча тадқиқотлар айнан гербарий фондига таянади. Бундан ташқари, ботаника фанига ёндош бўлган бир қатор фан йўналишлари, жумладан, биокимё, фармацевтика, генетика борасидаги тадқиқотларда ҳам гербарий коллекциясининг ўрни ортиб бормоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон миллий гербарийсидан кенг фойдаланган ҳолда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон флораси” тўпламининг янги нашрлари тайёрланиб, чоп этилди. “Ўзбекистон флораси” тўпламининг илк нашрлари 1941-1963 йилларда чоп этилган ва ўз ичига 3 минг 663 турни қамраб олган. Ҳозирги пайтда флорамиз таркибидаги турлар хилма-хиллиги 4 ярим мингга яқин эканлиги янги “Ўзбекистон флораси” тўплами ишлаб чиқилишига туртки бўлди.  

Ўзбекистон Миллий гербарийси асосида бажарилаётган навбатдаги лойиҳа мамлакат миллий флораси турларини тўр тизимли хариталашга бағишланган. Ғарбий Европа мамлакатларида кенг қўлланиладиган бу тадқиқот йўналиши Марказий Осиёда биринчи бўлиб Фанлар академияси Ботаника институтида амалга оширилмоқда.  

2021 йилдан бошлаб Сурхондарё вилояти ҳудуди флорасини тўр тизимли хариталаш устида илмий ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, айни кунларда айрим ўсимлик туркумларининг камёб ва йўқолиб бораётган турлари, доривор ўсимликлар, табиий экосистемаларнинг индикатор турлари кабилар бўйича глобал иқлим ўзгаришининг мавжуд сценарийлари асосида рўй бериши мумкин бўлган ўзгаришларни башорат қилиш борасида ҳам замонавий тадқиқотлар олиб борилмоқда.  

Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистон Миллий гербарий коллекциясининг 25 фоиз қисми рақамли форматга ўтказилиб, ёрлиқларни маълумотлар базасига киритиш устида иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, гербарий коллекцияси йилига 7000-8000 атрофидаги янги намуналар билан бойитилмоқда.

Фанлар академияси Зоология институтининг «Зоология коллeкция» ноёб илмий объeкти бўлиб, у 6 та ноёб илмий коллeкция фондидан иборат. Улар қуруқ, ҳўл прeпаратлар, тeрилар, бош суяклари, ҳайвонларнинг ҳосилалари тарзида ифодаланган.

Республика фаунасининг маълумотлар базасини босқичма-босқич яратиш борасида ҳашаротларни идентификациялаш тизими бўйича маълумотлар базаси ишлаб чиқилди. Дастлабки босқичда тўғриқанотсимонлар фаунаси, экологияси тўғрисидаги маълумотларни жамлаш ва улардан замонавий усуллар асосида фойдаланиш учун “OrthopteraInfo” маълумотлар базасининг назарий модели, конструктив схемаси ишлаб чиқилди ва ушбу маълумотлар базасига биообъект ҳақидаги маълумотлар, жумладан, тўғриқанотлиларнинг 120 та, баҳорикорларнинг 48 та ва бошқа туркумга мансуб 35 тур тўғрисидаги фаунистик, таксономик ва экологик манбалар киритилди.  

Бундан ташқари, Фанлар академияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда мунтазам равишда Қизил китобни юритиш ишлари олиб борилмоқда.  

Жумладан, янги таҳрирдаги ҳайвонот олами бўйича Қизил китобнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари рўйхатига 209 та тур, шундан 21 та тур қўшимча равишда киритилди ва 12 та турнинг мақоми ўзгартирилди.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА