Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти раҳбари ишдан олинди
09:13 / 2022-10-14

Кеча Самарқанд давлат университети Ўзбекистон-Финландия педагогика институти фаолиятини ривожлантириш юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда иштирок этган олий ва ўрта махсус таълим вазири Aбдуқодир Тошқулов ташкил этилганига эндигина бир йил тўлган бўлса-да институт фаолияти юзасидан кўплаб шикоят ва эътирозлар юзага келаётганини қайд этиб, муассасада ички ижтимоий-маънавий муҳит яхши эмаслиги, қариндошчилик, гуруҳбозлик авж олганини танқид қилди. Талабаларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароитлар яратилмагани ҳам айтиб ўтилди.

– Бу ҳолат ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокама қилинди, – деди вазир. – Aслида ушбу муаммо олийгоҳнинг ички масаласи бўлиб, афсуски, муассаса ичида тушунтириш, муросаи мадора, ташкилий масалаларни тўғри йўлга қўйиш орқали ҳал этилиши керак эди. Aммо кўриб турганингиздек, бундан кенг жамоатчилик ҳам хабар топди. Шу йилнинг июнь ойида ишчи гуруҳ томонидан институт фаолияти ўрганилиб, камчиликлар юзасидан берилган огоҳлантиришларга қарамасдан ҳолат ўнгланмаган.

Ўтган йил институт фаолият бошлаган пайтда Акрам Бегматов институт директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган эди. У хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, муассасада таълим жараёнини тўғри ташкил этмагани ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминламагани учун вазифасидан озод этилди.

Институтга ректор тайинлангунига қадар вазифани вақтинча бажариш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Фахриддин Эсанбобоевга юклатилди. Муассасадаги ҳар бир ҳолат ва жараёнлар вазирлик назоратида бўлиши таъкидланди.

Ғ.Ҳасанов,

ЎзА