Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон фермерлари кенгаши этиб қайта номланиши белгиланди.

Унга кўра, Ўзбекистон фермерлари кенгашининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ўзгарди. Кенгашнинг келгусидаги вазифаларига ҳам бир қатор ўзгаришлар киритилди. Хусусан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги кооперативларининг хуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қилади. Уларнинг маҳсулотлар етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилишида кўмаклашади.
Қишлоқ хўжалигида шартнома интизомини мустаҳкамлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчиларнинг фаолиятини ривожлантиришда ҳам бевосита иштирок этади.
Келгусида Кенгаш ҳузурида Фермерлар кенгаши жамғармаси ташкил этилди ва қулай шартларда кредитлар ажратилади. Хусусан, бир йил имтиёзли давр билан 4 йил муддатга 17,5 фоизли имтиёзли кредит 13 йўналишда, уч йиллик имтиёли давр билан 7 йил муддатга 17,5 фоизли кредит эса 11 йўналишда берилади.
Пойтахтимизда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг тугатилиши муносабати билан Ўзбекистон фермерлар кенгашининг 1 қурултойи бўлиб ўтди.

Унда 2028-2024 йилларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 700 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилгани, шундан 45 таси Ўзбекистон Республикасининг қонуни экани қайд этилди. 2018 – 2024 йилларда судларга 46 мингта (5,9 триллион сўмга) даъво аризаси киритиб, 35 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фойдасига 4,6 триллион сўм ундирилди.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида 105 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг ҳақларини ундириб бериш бўйича қарздор ташкилот ва корхоналарга 10,9 триллион сўмлик талабномалар киритилган, 54 мингдан ортиқ фермер хўжаликларига 6,2 триллион сўм маблағлари ундириб берилди.

Ўтган беш йил давомида фермер хўжаликларининг қарийб 24 мингта, ер, солиқ, сув, кредит, моддий ресурслар ажратиш каби мурожаатлари ижобий ҳал этиб берилди. Жумладан, маҳаллий ҳокимлар томонидан фермер хўжаликларини ер участкаларини ноқонуний равишда олиб қўйиш ҳолатлари атрофлича ўрганилиб, уларга нисбатан кенгаш томонидан мингдан ортиқ даъво аризалари киритилиб, фермер хўжаликларига ер участкалари қайтариб берилди.
Амалга оширилган тизимли ишлар, илғор агротехнологиялар, илм-фан ва инновация ютуқларни кенг жорий этилаётгани натижасида фермер, деҳқон хўжаликлари дала майдонларига шунингдек, томорқасида экинлар экиб, ундан фойда олиш кўпчилик юртдошларимизнинг асосий даромад манбаига айланди.
2024 йилда 9 миллион тонна дон, 3 миллион тоннадан ортиқ пахта, 16 миллион тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 15 миллион тонна гўшт ва сут, 30 минг тонна пилла етиштирилди.
Ресурсларни тежайдиган интенсив технологиялар асосида 50 минг гектар майдонда сабзавот етиштирилиб, ҳосилдорлик анъанавий усулга нисбатан 200-250 центнерга ошди, соф даромад гектаридан 6-8 минг долларни ташкил этди.
Деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун 75 минг гектар ер майдонлари 180 минг нафардан ортиқ ижтимоий муҳтож аҳоли ҳамда ёшларга бўлиб берилиб, 200 мингдан зиёд иш ўрни яратилгани қишлоқда бандликни таъминлаш, реал даромадларни ошириш, камбағалликни қисқартиришда муҳим роль ўйнамоқда. Мисол учун, Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани Халқабод махалласида яшовчи фуқаро Нормамат Туратов 50 сотих ерда деҳқон хўжалиги ташкил этиб, эртаки, ўртаки ва тўқсонбости усулида сабзавот етиштириб, йилиги 3 маротаба ҳосил олиш орқали 80-100 млн сўм даромад кўрмоқда.
“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 680 гектар майдонда амалга оширилган намунавий лойиҳалар эвазига оилаларнинг йиллик ўртача даромади 75-80 млн.сўмга етказилди. Қамаши тумани Туқбой МФЙда 11 гектар ер майдонида 22 та деҳқон хўжалиги ташкил этилган. Улардан бири Шералиев Отабек 2024 йилда 50 сотихда помидор етиштириб 120 млн сўм, такрорий экилган тарвуздан эса 30 млн сўм даромад олди.
2018-2024 йиллар мобайнида аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ишларини ташкил қилиш бўйича ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда “маҳаллабай дастур”лар ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди.
Мазкур дастурлар доирасида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим манбаа бўлган мамлакатимиздаги 5,5 миллиондан ортиқ хонадоннинг 509 минг гектар томорқасида йилига 2-3 марта ҳосил олиш ҳисобига даромадларни кўпайтириш ва “Истеъмол саватчаси”да аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Агар 2018 йилда 225 мингдан ортиқ хонадонда 4,3 минг гектар майдонга ихчам иссиқхоналар қурилган бўлса, 2024 йилда 913 мингдан ортиқ хонадонда 15,6 минг гектарда ихчам иссиқхоналар ташкил этилди. Ўсиш 405 фоиз.
“Бир маҳалла - Бир маҳсулот” тамойили ҳам яхши натижа берди. Муайян турдаги махсулотларни етиштиришга ихтисослаштириш асосида томорқада йилига 2-3 марта маҳсулот етиштиришга ихтисослашган маҳаллалар сони 5 мингдан ошиб кетди. Жумладан, 2 минг 396 та маҳалла сабзавотчиликка, 680 та маҳалла картошкачиликка, 263 та маҳалла полизчиликка, 438 та маҳалла чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослаштирилди.

Шунингдек, аҳоли даромадини ошириш мақсадида Сайхунобод тажрабаси асосида 164 та туманининг 4 тадан маҳаллаларига 2831 та мото-культиватор олиб берилиб, томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатилди.
2020-2024 йилларда туман ва маҳаллаларда 2 670 та артезиан қудуқ қазилди. Бурғулаб ишга туширилган артезиан қудуқлар орқали 64,5 минг нафар томорқачиларнинг 6 351 гектар экин ер майдони сув билан таъминланди.
Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма 2018-2024 йилларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиларни ҳамда 3 минг 288 та “Томорқа хизмати” МЧЖларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун 2,516 трлн.сўм харажат қилди.
Кейинги беш йилда аҳоли гавжум маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 2 067 та кичик хажмли совуткич омборлари, 1 528 та мини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари ҳамда 6 484 та кўчатлар, уруғлик, минерал ўғит ва кимёвий воситаларни сотишга ихтисослашган ихчам дала дўконлари ташкил этилди.
Конференцияда Кенгаш келгусида ҳам халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшишга, фермерларимиз далаларида улкан ҳосиллар етиштириб бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш йўлида фаол иштирок этишда давом этиши таъкидланди.
ЎзА