Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон фавқулодда вазиятларга тайёргарликни кучайтирмоқда (+видео)
22:15 / 2025-11-06

-

 Тошкентда ЖССТнинг СТАР методологияси асосида миллий хавф таҳлили бўйича семинар бошланди

Фавқулодда вазиятлар — табиий офатлар, технологик носозликлар ёки биологик хавфлар шаклида бўлишидан қатъи назар — аҳолининг саломатлиги, иқтисодий барқарорлик ва жамият хавфсизлиги учун жиддий таҳдид саналади. Шу сабабли, бундай хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш, баҳолаш ва уларга тайёр туриш ҳар бир мамлакат учун миллий устувор йўналиш ҳисобланади. 

Қолаверса, яқинда Афғонистонда содир бўлган ва бутун Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам сезилган зилзила фавқулодда вазиятларга пухта тайёргарлик зарурлигини яна бир бор эслатди. Шу мақсадда Санэпидқўмита ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамкорлигида “Хатарларни стратегик баҳолаш (STAR)” мавзусида миллий семинар ўтказилмоқда.

 4 ноябрда ўзи ишини бошлаган тадбир 7 ноябрь кунига қадар давом этиб, мамлакат миқёсидаги хавф таҳлилини тизимли тарзда амалга ошириш, уларнинг эҳтимолини аниқлаш ва зарур тайёргарлик чораларини белгилашга қаратилган. 

  ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган (STAR) дастури мамлакатларга соғлиқ учун таҳдид солувчи хавфларни илмий асосда баҳолаш, уларнинг эҳтимоли, таъсири ва заифлик даражасини аниқлашда ёрдам беради. Ушбу ёндашув орқали давлатлар мавжуд маълумот ва башоратлар асосида ресурсларни тўғри тақсимлаш ҳамда миллий режаларни янада самарали режалаштириши мумкин. 

 Семинар давомида иштирокчилар Ўзбекистон аҳолиси саломатлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асосий хавфларни аниқламоқда, уларнинг даражаси баҳоланиб, миллий хавф профили ҳамда хавфларнинг мавсумий тақвими шакллантирилади. Шунингдек, қисқа ва узоқ муддатли устувор чоралар рўйхати ишлаб чиқилиб, соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятларга тайёрлик бўйича миллий режанинг консептуал асослари яратилади.  

Тадбир очилиш маросимида Санэпидқўмита раиси ўринбосари Ботир Қурбонов ҳамда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, доктор — Ашина Калакдина иштирок этиб, ушбу ташаббуснинг нечоғлик муҳимлигини таъкидладилар. 

  “Бугунги семинар соғлиқни сақлашга таҳдид солувчи хавфларга устуворлик бериш ва мавжуд маълумотлардан оқилона фойдаланишга қаратилган. Бу хавфлар зилзила, иссиқлик тўлқини ёки биологик таҳдид кўринишида бўлиши мумкин. Ўзбекистон бу йўналишда режалаштиришдан амалий ҳаракатларга ўтиш босқичида жадал ривожланмоқда ва бу жараён ҳукумат ҳамда жамиятнинг кенг иштирокини талаб қилади” деди, доктор — Ашина Калакдина. 

 Семинар давомида ЖССТ Европа минтақавий бюроси экспертлари — доктор Карлос Мансиля ва Лиза Оуэн томонидан (STAR) методологиясининг халқаро амалиёти, хавфларни баҳолаш ва устувор чораларни белгилаш тажрибаси билан бўлишилди. 

  Тадбирнинг асосий мақсади — далилларга асосланган миллий хавф профилини яратиш ва уни Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги бўйича Миллий ҳаракат режаси билан уйғунлаштиришдан иборат. Ушбу жараён натижалари келгусида амалий чораларни белгилаш, ресурсларни режалаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва соғлиқни сақлаш тизимини янада барқарорлаштиришга хизмат қилади. 

 Маълумки, Ўзбекистон 2022 йилда ўтказилган Қўшма ташқи баҳолаш якунлари асосида 2024–2028 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракат режасини ишлаб чиққан. Унда 19 та техник йўналиш бўйича 300 дан ортиқ тадбир белгиланган бўлиб, соғлиқни сақлаш, адлия, молия, чегара назорати, фавқулодда вазиятлар хизматлари каби муҳим тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. 

(STAR) семинарининг ташкил этилиши — айнан шу стратегик жараённинг мантиқий давоми бўлиб, миллий хавф таҳлилини янада такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқичдир. 

ЖССТнинг (STAR) методологияси асосида ўтказилаётган мазкур семинар Ўзбекистоннинг фавқулодда вазиятларга тайёрлик бўйича янги чора-тадбирларни белгилаётганлигидан далолатдир. Бу эса соғлиқни сақлаш соҳасидан ташқари, барча давлат тизимлари учун хавфсиз, барқарор ва чидамли келажакни таъминлаш йўлида муҳим ҳисобланади. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QVsesfVPpi8" title="O‘zbekiston favqulodda vaziyatlarga tayyorgarlikni kuchaytirmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

М.Эшмирзаева, У.Тўхтаев, ЎзА