Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари учун ҳамкорлик имкониятларини яратмоқда (+видео)
18:43 / 2025-12-04

Жорий йилнинг 26-27 ноябрь кунлари пойтахтимизда “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” учинчи иқтисодий форуми ва Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форуми бўлиб ўтди.

Унда Европа Иттифоқи, Қора денгиз ва Марказий Осиё мамлакатлари масъуллари, экспертлар, мутахассислар иштирок этди.

Иқтисодий форумда қайд этилганидек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатлари барқарор ривожланиб, ўзаро ишонч мустаҳкамланиб бормоқда.  Сўнгги етти йилда савдо ҳажми тўрт баробар ошиб, 54 миллиард еврога етди. Европа Иттифоқи сўнгги ўн йилда 100 миллиард евродан ортиқ тўғридан-тўғри инвестиция киритиб, минтақанинг асосий инвестори бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилган GSP ва GSP+ режимлари минтақа давлатларига Европа бозорига барқарор кириш имконини яратиб, миллий ишлаб чиқаришни модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этяпти. 

2024 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки минтақага 2,26 миллиард доллар инвестиция йўналтирди, шундан 938 миллион доллари Ўзбекистонга тўғри келди. Шу маънода, ЕТТБ, ЕИБ ва бошқа молиявий институтлар билан ҳамкорлик инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий йўналишларда узоқ муддатли лойиҳалар учун мустаҳкам асос яратмоқда.

Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форуми ҳам томонлар учун чинакам мулоқот ва ҳамкорлик майдони вазифасини ўтади.

Унда айтиб ўтилганидек, Транскаспий транспорт йўлаги бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган йирик инфратузилма ташаббусларидан бирига айланмоқда. Ушбу йўлак Ўзбекистоннинг транзит-логистика салоҳиятини ошириш, мамлакатни Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим халқаро транспорт марказига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларида асосий ўрин тутади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Транскаспий йўлаги Европа Иттифоқининг минтақадаги “Global Gateway” инвестиция стратегиясининг асосий ташаббуси ҳисобланади. Бугунги кунда Транскаспий йўлаги Хитой, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларини Европа билан боғлайдиган асосий йўналишлардан бири сифатида шаклланяпти. 2030 йилга бориб "Ўрта йўлак" орқали ташиладиган юклар ҳажми йиллик 10-11 миллион тоннага етиши кутилмоқда.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан бири ҳам мамлакатнинг транзит-логистика салоҳиятини кескин оширишдан иборат. Шу мақсадда республика ва хориж ҳудудларида қўшни давлатлар билан йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ушбу йўналишни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Таъкидлаш жоизки, 2024 йилда Ўзбекистоннинг Транскаспий йўлаги орқали юк ташиш ҳажми барқарор ўсишни намойиш этган ҳолда бир миллион тоннадан ошди. Бу 2019 йилдаги кўрсаткичдан беш баробар кўпдир.

Эътиборлиси, ушбу мулоқотлар Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик ва инвестиция салоҳиятини сезиларли даражада ошириши, Европа Иттифоқи билан узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорликни мустаҳкамлаши, шунингдек, транзит-логистика инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатди. Томонлар ўртасида эришилган келишувлар минтақадаги савдо алоқаларини кенгайтириш, иқтисодий инвестициялар ҳажмини ошириш ва Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарбни боғловчи стратегик транзит марказига айлантиришга хизмат қилади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/E2jOi_HwS6k?si=oUa0kOo1a0uPnmht" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов, 

Анвархўжа Аҳмедов (видео-монтаж),

ЎзА