Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон–Эрон қўшма стартап лойиҳалари танловининг 2-босқичи ўтказилади
10:08 / 2023-10-20

“Innoweek.uz-2023” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Эрон Ислом Республикасининг Илм-фан, технологиялар ва билимга асосланган иқтисодиёт бўйича вице-президенти Рухоллоҳ Деҳқони Ферузабади билан учрашди.

Икки томонлама музокаралар натижасида илм-фан ва инновациялар соҳасини ривожлантириш мақсадида қатор келишувларга эришилди. Унга кўра, икки томоннинг илмга асосланган компанияларининг тўғридан-тўғри ҳамкорлиги қўллаб-қувватланади. Шунингдек, ўзбек стартап компаниялари Эрон бозорига киришига имконият яратилади. Стартап қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш давом эттирилиб, Ўзбекистон-Эрон қўшма стартап лойиҳалари танловининг 2-босқичи ўтказилади.

Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш, минтақада экологик инновацияларни янада кўпайтириш борасида ҳамкорликка эришилгани ҳам бугунги тадбирнинг муҳим жиҳати бўлди. Ўзбекистонлик олимлар, экологлар ва тадқиқотчилар Эрондаги Урмия кўлининг қуриши оқибатларини бартараф қилиш бўйича Эрон тажрибасини ўрганадилар. Бу мақсадда эронлик мутахассисларнинг юртимизга ташрифлари ҳам ташкил қилинади.

Бундан ташқари, томонлар ўртасида икки мамлакат ёш олимлари алмашинуви йўлга қўйилади. Жумладан, ўзбекистонлик ёш олимлар учун Эроннинг етакчи илмий муассасаларида ва юқори технологик ишлаб чиқариш корхоналарида стажировка дастурларини давом эттириши учун шароит яратилади.

– Икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кейинги йилларда қатор ишлар амалга оширилмоқда, – деди вазир И.Абдураҳмонов. — Хусусан, ўтган йиллардаги “Innoweek.uz” ҳафталигида иштирок этган эронлик тадбиркорлар ҳозирда юртимизда муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Вазирлик ҳузуридаги “Инно” технопаркининг ўзида 5 та Эрон компаниялари ишлаб чиқариши йўлга қўйилган. Олийгоҳлар ўртасида инновацион фаолият бўйича ҳамкорлик эса Самарқанд давлат университети қошида Ўзбек-Эрон технологик паркини ташкил этишдан бошланади. Бунда ушбу лойиҳани икки томон биргаликда молиялаштиришга келишилди. Ўзбекистон томони мазкур технологик паркни ташкил этиш бўйича лойиҳани ҳамкорликда қисқа муддатларда ишлаб чиқади.

Йиғилиш давомида икки мамлакат университетлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳамкорликнинг бу қисмини ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида 2024 йилда Ўзбекистон ва Эрон ректорлари форумини ташкил қилишга келишилди. Илк форумга Эрон томони мезбонлик қилишга тайёрлигини билдирди.

 

Тадбир якунида Ўзбекистон—Эрон фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик гуруҳи биринчи йиғилишининг баёни имзоланди. Ҳужжат бўлиб ўтган йиғилиш доирасидаги келишувлар мазмунини ўзида акс эттирган. Қайд этилишича, эришилган келишувларни амалга ошириш учун аниқ механизмлар ва масъулларни белгилаган ҳолда тез кунларда икки томонлама “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА