Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Эрон Ислом Республикасининг Озод ислом университети Гулистон вилояти филиали ректори Сеед Али Таҳери бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида меҳмонларга Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда тизимдаги илмий муассасаларнинг олдига қўйилган мақсад ва вазифалар, амалга оширилаётган илмий-амалий ишлар ва йўналишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, билим ва инновациялар алмашинуви, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда қўшма илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилди.
Шунингдек, тадбир давомида Сеед Али Таҳери Озод ислом университети фаолияти ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, ушбу университет Эрондаги энг йирик хусусий олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетнинг мамлакат бўйлаб ва хориждаги филиалларида юз минглаб талабалар таҳсил олиши таъкидланди. Шунингдек, университет олимлари томонидан барча соҳалар айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори илмий-инновацион технологиялар яратилаётгани ҳамда соҳа учун тежамкор қурилмалар ихтиро қилинаётгани қайд этилди.

Меҳмонлар учрашув давомида кадрлар малакасини ошириш, талабалар учун қишлоқ хўжалиги соҳасида махсус курслар ташкил этиш, чорвачилик, балиқчилик, асаларичиликни ривожлантириш, доривор гиёҳларни парваришлаш ва аграр соҳада юқори технологияларни қўллаш йўналишларида ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида англашув меморандуми имзолашга келишиб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА