Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Эрон: инновацион ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
09:30 / 2022-03-16

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигидаги делегация Эрон Ислом Республикасига ташриф буюрди. Делегация аъзоларини Эрон Ислом Республикасининг Фан ва технологиялар бўйича вице-президенти Сурен Сатторий қабул қилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, С.Сатторий билан ўтказилган учрашувда илм-фан, технологиялар ва стартаплар соҳаларида ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, қурғоқчиликка қарши курашиш, тузни камайтириш ҳамда шўрланган тупроқларда ўсимликларни етиштириш бўйича илғор тажрибалар алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу куннинг ўзида Иброҳим Абдураҳмонов Эрон Ислом Республикаси Фан, тадқиқотлар ва технологиялар вазири Муҳаммад Али Золфигол билан учрашди. Томонлар Ўзбекистон ва Эрон олимлари учун Оролбўйи ҳудудида юзага келган муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган “Ўзбекистон-Эрон” қўшма илмий лойиҳалар танловини эълон қилиш ва энг яхши илмий ишланмаларни Оробўйи ҳудудига жорий қилишга келишдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “InnoWeek-2022” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида икки давлат олимлари ва мутахассисларининг “Фан ва технологиялар форуми”ни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, икки давлат вазирлари Эроннинг нуфузли университетлари ва илмий марказларида ўзбекистонлик ёш олим ва мутахассисларининг қисқа муддатли илмий стажировкаларини ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама этиб, бу бўйича ташкилий ишларни бошлашга қарор қилди. Эронда ҳозирда ўн мингдан ортиқ стартап компаниялар фаолият кўрсатаётган бўлиб, учрашувда улардан энг муваффақиятлилари иштирокида Ўзбекистонда маҳорат дарслари ташкил этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг кўплаб хорижий давлатлар билан қўшма илмий лойиҳалар танловларини ўтказишдаги бой тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, тенг улушларда молиялаштириш асосида “Ўзбекистон – Эрон” халқаро қўшма илмий лойиҳалар танловини ҳамкорликда ўтказишга келишилди.

Учрашув якуни бўйича фан ва технологияларни ривожлантириш, шу жумладан, шўрланиш ва тузни камайтириш технологияларини ўзлаштириш бўйича қўшма ишчи гуруҳининг таркиби тасдиқланди. Шунингдек, ишчи гуруҳнинг ҳамкорликдаги фаолиятининг асосий йўналишлари келишиб олинди.

Тадбир давомида Эрондаги Ал-Хоразмий халқаро фестивалининг асосий йўналишларида ўзбекистонлик ёшларнинг иштирок этишига оид масалалар муҳокама этилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА