Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 15-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Эрон томонидан эса саноат, конлар ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Саид Маҳдий Ниёзий ҳамраислик қилган учрашувда икки мамлакат тегишли вазирлик, идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилиш кун тартиби доирасида инвестиция, савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика ва саноат кооперацияси соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва алоқаларни янада ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий динамикаси қайд этилди. Сўнгги уч йилда ўзаро товар айирбошлаш миқдори икки баробар ортган. Бу йўналишда муносабатни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, томонлар кимё саноати маҳсулотлари, асбоб-ускуна, қурилиш материаллари, ипак, тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарлар етказиб беришни кўпайтиришга тайёрлигини билдирди.
[gallery-12147]
Инвестиция соҳасида ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича навбатдаги тадбирлар ҳам муҳокама қилинар экан, охирги беш йил ичида юртимизда Эрон капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайиб, 420 тага етгани қайд этилди.
Йиғилиш чоғида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида ҳамкорликни чуқурлаштириш, маданий-гуманитар соҳада шерикликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар келишиб олинди.
Шунингдек, савдо кўрсаткичи барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида ўзаро товар айирбошлаш миқдорини йилига бир миллиард долларга етказиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини имзолаш, Имтиёзли савдо битими қабул қилишни жадаллаштириш, давлатларимиз ҳудудида “Made in Iran” ва “Made in Uzbekistan” кўргазмаларини ўтказишга қарор қилинди. Икки томонлама савдодаги тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ ҳам тузилади.
Ўзбекистонда иш олиб бораётган эронлик инвесторларни қўллаб-қувватлаш, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида давра суҳбати ҳам ташкил этилди.
Анжуман якунида эришилган барча келишувларни акс эттирган ҳамда Ўзбек – Эрон ҳамкорлигини ҳар томонлама чуқурлаштиришга қаратилган Якуний баённома имзоланди.
Беҳруз Худойбердиев, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА